ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида «Қушларни кутган болалар» номли янги спектакль премьераси бўлиб ўтди.

Маҳоратли драматург Мурод Бегимов муаллифлигидаги ушбу асар режиссёр Омонкелди Худойназаров томонидан саҳналаштирилди.

Спектаклда Оролбўйидаги овулларнинг бирида учта фарзанди билан яшайдиган онахон образидаги қаҳрамонлар гавдаланади. Бахтиёр оила аъзолари овулни ва унинг табиатини жуда яхши кўради. Лекин, кейинчалик қурғоқчилик оқибатида ҳудуддаги қушлар овулни тарк этади. Онахоннинг икки фарзанди ҳам шаҳарга кетади. Бир неча йил онахон фарзандларини соғиниб, кутиб яшайди. Кенжа ўғли улғайгач, овулга сув олиб келади, табиат яна уйғонади. Онахоннинг фарзандлари ҳам бағрига қайтади.

Ушбу саҳна асари Орол фожиаси, унинг оқибатларини эслатади. Спектаклдаги асосий ғоя болажонлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтириш билан бирга, барчани табиат, унинг бойликларини асрашга чорлайди.

Спектаклда бош қаҳрамон образларини У. Қозоқбоева, Э. Бегимова, Қ. Қирғизбоев, М. Бойниёзов, П. Кулимов, Ш. Каломов каби актёрлар юксак маҳорат билан ижро этган.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА