Вазирлар Маҳкамаси “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш ва навдорлигини баҳолаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарорда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, уруғлик пахта чигитини услубий таҳлил қилиш ва тупроқда нав тозалигини баҳолаш бўйича мурожаатларни шакллантириш ва юбориш тартиби, ғўза навлари намуналарини танлаб олиш, уруғлик чигитини экишга тайёрлаш ва уларни экиш тартиби, ғўза навларининг морфологик белгилари тавсифномасидан келиб чиққан ҳолда нав тозалигини баҳолаш натижаларини расмийлаштириш тартиби белгиланди.

Шунингдек, регламентда донли экинлар навларидан намуналар танлаб олиш, уруғлик чигитини экишга тайёрлаш ва уларни экиш тартиби;

дуккакли, мойли экинлар ва бошқа дон экинларини қайта ишлашни сертификатлаш учун мурожаат қилиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш тартиби;

уруғлар, дуккакли, мойли экинлар ва бошқа дон экинларини қайта ишлашни сертификатлаш учун маҳсулот намуналарини танлаб олиш ва идентификация қилиш;

маҳсулотни идентификация қилиш ва намуналарни танлаб олиш далолатномасини расмийлаштириш тартиби;

аккредитацияланган синов лабораторияларида синовдан ўтказиш, синов баённомаси ва таҳлил натижаларини расмийлаштириш тартиби;

синов баённомаси ва таҳлил натижаларига асосан маҳсулотга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш тартиби белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларига мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш ёки уни рад этиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.

Бунда муайян маҳсулот учун маҳсулотга норматив ҳужжатлардан ташқари, маҳсулотнинг мажбурий талабларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам амал қилиш шарт бўлади.

Маҳсулотни синовдан ўтказишда, аккредитацияланган синов лабораториялари ва бошқа аккредитацияланган синов лабораторияларида ўтказилган синов натижалари ўзаро тан олинади.

 

 

ЎзА