Бухорода нефть ва газ саноати учун кадрлар тайёрлаш мақсадида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ (Миллий тадқиқот университети) университетининг ҳудудий тайёрлов бўлими очилди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Шухрат Даулетияров, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ (Миллий тадқиқот университети) университети ректори Виктор Мартинов, университетнинг Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори Абдулла Магрупов, Бухоро вилояти Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда Халқ таълими бошқармасининг раҳбарлари ва мутахассислари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва техникумлар директорлари қатнашди.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар ўқув бўлимида яратилган шароит билан танишди. Ҳудудий тайёров бўлими ўқувчилари билан суҳбатлашди.

Бухоро нефть ва газ саноати коллежи негизида ташкил этилган замонавий ўқув-амалий лабораторияси очилди. Лаборатория барча зарур асбоб ва жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Билим даргоҳида кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Замонавий ва ёруғ ўқув хоналари ташкил этилган.

Бухоро нефть ва газ коллежи негизида Ҳудудий тайёрлов бўлими учун 4-қават биноси реконструкция қилинди. Физика, математика, рус тили кабинетлари, мустақил таълим хонаси, ўқитувчи ва методистлар хонаси жиҳозланди. Барча ўқув хоналари ва кабинетлар замонавий парталар, мебель ва зарур нарсалар билан тўлдирилди.

Бухоро нефть ва газ саноати коллежи негизида умумтаълим мактабларининг 10-11-синфлари, академик лицей, касб-ҳунар коллежи ва техникумлар ўқувчилари учун математика, физика ва рус тили фанларидан бепул тайёрлов курслари ташкил этилмоқда. Тингловчиларни саралаш танлов асосида амалга оширилади. Таъкидлаш жоизки, ўқув машғулотларини ўтказиш учун Россия Федерациясининг тажрибали, Бухоро шаҳрининг юқори малакали ўқитувчилари жалб этилган.

Ушбу лойиҳа И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиалига ўқишга киришни хоҳловчилар учун  катта имконият яратади.

Маълумот учун: Бухоро нефть ва газ саноати коллежи билан биргаликда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва техникумлар ўқувчиларидан ҳудудий тайёрлов бўлимида ўқувчилар гуруҳларини шакллантириш бўйича касбга йўналтириш ишлари давом эттирилмоқда.

 

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА