Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан ўтказилган эшитувда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Р.Турдибоеванинг «Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва оила муқаддаслиги ғояларини кенг тарғиб қилиш, эрта турмуш қуриш ва ёш оилалар ажралишининг олдини олиш тўғрисида»ги ахбороти тингланди.

«Халқимиз оилани муқаддас қўрғон сифатида эъзозлайди, — деди Р.Турдибоева. — Асосий қонунимизда ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Аммо сўнгги пайтларда қизларни эрта турмушга бериш, уларнинг орзулари, интилишлари билан қизиқмаслик туфайли оилавий ажримлар сони ортмоқда. Ачинарлиси, ёшларни оилага тайёрлаш, масъулиятни ўргатиш ўрнига дабдабага, мол-дунёга ўчлик, шов-шувларга интилиш ҳолатлари оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда салбий таъсир кўрсатмоқда.

Оилавий ажримларнинг, қизларни эрта турмушга узатишнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида 60 минг 580 нафар никоҳланувчи шахслар Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида ўқитилди. «Фаровон оила келажак пойдевори» шиори остида оилаларни мустаҳкамлаш борасида тарғибот тадбирлари ўтказилган. Энг муҳими, 12 минг 710 нафар ноқонуний никоҳ асосида яшаб келаётган оилаларнинг никоҳи қонуний расмийлаштирилди. «Низоли оилалар билан ишлаш индивидуал дафтари» амалиётга татбиқ этилиб, ушбу механизм орқали ажрим ёқасига келиб қолган 23 минг 804 та низоли оилалар барқарорлаштирилган.

Шунингдек, эрта никоҳ, эрта туғуруқ ва исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш бўйича 33 ярим минг тарғибот тадбирлари ўтказилган. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида «Қизларжон клуби» билан қизларнинг репродуктив саломатлиги, соғлом турмуш тарзи бўйича волонтёр қизларни тайёрлаб, тенгдош – тенгдошга тамойили асосида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Эшитувда қўмитанинг фаолияти танқидий баҳоланди. Муҳокамаларда сўз олган депутатлар амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, ёшлар ўртасида ажримлар сони камаймаётганини, жойларга чиқилганда, бу борада кўплаб муаммоларга дуч келинаётганини таъкидладилар. Шу боис маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли фуқаролар билан кўпроқ ишлаши, тушунтириш ишларини олиб бориши ва жамоатчилик назорати институтини айни йўналишда кучайтириш самарали натижа бериши таъкидланди.

Шунингдек, ёшларни ўқитиш, маълумотли қилиш, касб-ҳунарли қилиб кейин турмушга узатиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА