Декабрнинг илк кунларидан бошланган совуқ кунлар энергетика тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Етказиб берилаётган табиий газ босимининг пасайиши ва электр энергиядаги узилишлар пойтахтимиз ҳамда вилоятлар аҳолиси учун бир мунча ноқулай шароитни яратгани рост.

Қолаверса, айрим истеъмолчиларнинг табиий газ ва электр энергиясидан оқилона ва самарали фойдаланмаётгани ҳам айнан шу мураккаб жараёнда яққол сезилиб қолди ва бу жиҳат, айниқса, шу кунларда жуда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

ЎзА мухбирининг Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Улуғбек ЎРИНОВ билан суҳбати электр энергияси таъминоти ва ундан самарали фойдаланиш мавзусига бағишланди.

– Декабрь ойининг бошидан энергетика тизимида бир қанча муаммоли вазиятлар вужудга келди. Бунга асосий сабаб нима?

– Юқорида тўғри таъкидлаб ўтдингиз, совуқ об-ҳаво энергетика таъминотида, хусусан, табиий газ ва электр энергия таъминотида кўп муаммоларни юзага келтирди. Ижтимоий тармоқларда бу борада истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозлари билдирилмоқда. Вазиятга изоҳ беришдан олдин шуни айтишим керакки, Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари томонидан махсус Ишчи гуруҳ ва Штаблар тузилган бўлиб, тегишли қарорларга мувофиқ тузилган навбатчи бригадалар томонидан юзага келган муаммолар имкон қадар бартараф этилмоқда.

Жумладан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ходимлари томонидан ҳам юқори кучланишли тармоқларда навбатдан ташқари назорат кўриклари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда. Кучайтирилган тартибда тун-у кун ишлаётган энергетиклар гуруҳи томонидан таъмирлаш-созлаш ишлари бажарилмоқда. Худди шу каби турдош ташкилотларда ҳам бундай ишлар амалга оширилмоқда.

Энди юзага келган вазиятга изоҳ берадиган бўлсак, бунга битта омилнинг таъсири бўлди, дейиш қийин. Айни вазиятга бир неча таъсирлар бор. Биринчиси ва асосийси — об-ҳавонинг совиши билан кузатилган истеъмолнинг кескин ошиши билан боғлиқ. Иккинчиси эса биринчи омилга боғлиқ ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун табиий газ ёқилғисининг етишмаслиги. Маълумки, республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 85–90 фоизи табиий газ ҳисобига тўғри келади. Табиий газ етишмовчилигининг олдини олиш учун сиқилган газ қуйиш шохобчалари, айрим саноат корхоналарининг фаолиятига вақтинчалик танаффус эълон қилинди. Бу, биринчи ўринда, табиий газни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтириш учун қилинган вақтинчалик чоралар эканини тушуниш даркор. Кейинги навбатда табиий газ электр энергиясини ишлаб чиқариш учун иссиқлик электр станцияларига етказиб берилмоқда.

Ёқилғи етишмовчилиги бўлгани учун ишлаб чиқариш етарли даражада бўлмаяпти, деб бўлмайди. Негаки, йиллик режага асосан ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда режага нисбатан бирмунча кўп электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Умуман, айни пайтда ҳеч кимда электр энергияси ёки табиий газ йўқ, деб айта олмаймиз. Энергетика вазирлиги телеграмм каналида ҳар кунлик  истеъмол ҳажми эълон қилинмоқда.

Учинчи таъсир омили — йиллар давомида электр ҳамда газ тармоқларининг эскириши. Ҳукуматнинг 2016 йилдан бошлаб қабул қилган қарорларига биноан табиий газ ва электр энергиясини етказиб бериш ускунларини янгилаш борасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бунда эски ускуналар янги, замонавий ускуна ва жиҳозларга алмаштирилмоқда.

Нима учун бу олдин қилинмаган, дейишингиз мумкин. Электр ва газ тармоқларини модернизация қилишни истеъмолчилар тўлайдиган ҳақ эвазига амалга ошириб бўлмас эди. Айни пайтда ҳам истеъмолчиларнинг газ ва электр ҳақи эвазига ҳам бундай йирик маблағ талаб қиладиган янгилаш, замонавийлаштириш лойиҳаларини  амалга оширишнинг имконияти йўқ.

Бугунги кунда йирик инвестиция маблағлари айнан эски жиҳоз ва ускуналарни янгилаш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш учун жалб қилинмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тизимидаги 86 та юқори кучланишли подстанцияларнинг 22 таси (биринчи босқичда) Жаҳон банки кўмагида модернизация ва реконструкция қилинди. Иккинчи босқичда қолганлари янгиланади, замонавийлаштирилади ва рақамлаштирилади.

Охирги 6 йил ичида қарийб 7000 мегавольт ампердан ортиқ ўтказувчанлик қуввати оширилди. Ҳозирги кунда бу ишлар давом эттирилмоқда.

Кейинги омил — бу энергия ресурсларга ноқонуний уланишлардир. Айрим истеъмолчилар ва айрим корхоналар томонидан ноқонуний уланиб олишлар ҳанузгача кузатилмоқда. Билингки, қайси маҳалла ёки туманда электр ва табиий газ таъминотида узилишлар бўлса, у ерда ўғринча уланган истеъмолчилар бор. Айни пайтда бу масала бўйича Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.

– Демак, кунларнинг исиши билан ҳозирги вазият барқарорлашиши мумкин, шундайми?

– Бугун мамлакатимизда манфий ишорали об-ҳаво ҳукм сурмоқда.Агар мусбат ишорали илиқ иқлим шароитига ўтсак, аста-секин истеъмол ҳажми ўз-ўзидан камаяди. Шундан келиб чиқиб, ҳаво исигандан бу вазият анчагина юмшайди. Лекин шунга қарамасдан тизим ташкилотлари бу масалага катта эътибор бериши талаб этилади. Жумладан, қайта тикланувчи манбалардан фойдаланишни кенг жорий қилиш чора-тадбирларини амалга оширишни жадаллаштиришга тўғри келади.

– Электр энергиясидан тежамкорлик билан, оқилона, самарали фойдаланиш – узилишларнинг олдини олишда ёрдам берадими?

– Статистик маълумотларга кўра, аҳолимизнинг йиллик истеъмолини ривожланаётган бошқа давлатлар билан таққосласак, биз уч баробар кўп электр энергияси ва табиий газдан фойдаланамиз. Бу ерда саноат корхоналари алоҳида, истеъмолчилар алоҳида. Лекин саноат корхоналарида ҳам эскирган қурилмалардан ҳанузгача фойдаланилади. Саноат ва халқ хўжалигининг энергия истеъмоли (юридик шахслар) — аҳоли истеъмолчилариникидан (жисмоний шахслардан) қарийб уч баробар кўп.

Агар электр энергияси ва табиий газ бозор иқтисодиёти талаб ва таклифига кўра, барқарор бўлишини таъминлаш учун бозор механизмларига ташланса, нархи ҳозиргига нисбатан икки-уч баробар юқорироқ бўлади.

Саволингизга келсак, ҳа, электр энергиясидан самарали фойдаланиш узилишларнинг олдини олишда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Агар жорий йил сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида истеъмолда тежамкорроқ бўлганимизда, бу неъматдан самаралироқ фойдаланганимизда, табиий газ ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўпроқ захирамиз бўлар эди.

Ўзбекистон ривожланаётган мамлакат. Тошкент – республикамиз маркази. Майли, кечаси ишлатиладиган чироқларнинг бекор ишлаб турганини ўчириш керакдир. Лекин бу шаҳар кўркига эстетик завқ бағишлайди. Ижтимоий тармоқларда “Tashkent city”, Телеминорада, реклама баннерларида ишлатилаётган чироқлар ҳақида фикр билдирилган. Эстетик завқ берувчи митти чироқлар электр энергиясини жуда кам миқдорда сарф этади. Бугун кўпгина замонавий меъморий ечимга эга бинолар ўзининг ишлаб чиқариш муқобил манбаларига эга, қуёш панеллари ўрнатилган. Шунинг учун кечаси ёниб турган чироқларни эмас, кундузи ёниб турган чироқларни ўчиришимиз керак!

– Эҳтимол вазирлик тизимида электр энергиясидан самарали фойдаланиш бўйича Жамоатчилик кенгашини тузиш ва махсус телеграм канал фаолиятини йўлга қўйиш керакдир. Бунга фикрингиз қандай?

–Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари, хусусан, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан жуда кўплаб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Эътибор бўлмади. Чунки арзон электр энергияси ва табиий газдан беминнат фойдаланиш осонроқ. Биз қишда иссиқ кийимларни, ёзда енгил кийимларни сотиб олишга ўрганган одамлармиз. Аслида, мавсумга тайёргарлик тескари тартибда бўмоғи лозим. Ҳар бир йўналишда.

– Ўтган даврда узилишлар асосан қишлоқларда бўлган. Энди бу ҳолат шаҳарларда ҳам кузатилди. Энди бунга эътибор қаратилмоқда. Энергия тежамкорлиги ва самарадорлик тушунчаларини кенгроқ изоҳласангиз…

– Энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги нима? Келинг, ҳуқуқий мақом берамиз. Энергия тежаш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш нима, деган саволга, қонунчилигимизда кўплаб таърифлар берилган. Мисол учун, 2006 йил 7 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 164-сонли қарори эълон қилинган. Унда энергия тежамкорлиги ва энергия русурсларидан самарали фойдаланиш ҳақида батафсил кўрсатиб ўтилган. Бу масала оммавий ахборот воситаларида кўпроқ талқин қилиниб, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида тарғиб-ташвиқ қилиниши, турли шаклда болаларимизга ҳам, вояга етган шахслар — истеъмолчиларга ҳам тушунтирилиши керак эди.

2019 йил 22 августда Президентимизнинг 4422-сонли қарорида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш – давлат сиёсатининг ҳозирги босқичидаги долзарб йўналишидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Бу уч йил олдин, бугунги вазиятлар бўлмаслиги учун олдиндан, бутун жамоатчилик, давлат ташкилотлари учун “сигнал” эди. Албатта, бу борада катта ишлар қилинди. Президент қарорлари ижроси таъминланди. Лекин айрим ташкилотлар, айрим истеъмолчилар томонидан бунга етарлича эътибор берилмади. Унда қайта тикланувчи манбалардан фойдаланишни жорий этишга мансабдор шахслар, жумладан, ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилган. Демак, бугун энергия манбасини самарали ишлатиш — барчамизнинг муҳим вазифамиз. Шу сабабли, бу масалага бугун янада катта аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ.

–Истеъмолчилар маълум маънода тежамкорлик, самарадорлик ҳақида тушунчага эга. Уйида ҳам электр энергиясини тежаб ишлатишга ҳаракат қилади. Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари томонидан бир йилда неча маротаба тарғибот тадбирларини ташкил қилиш  режага киритиладими?

– Албатта, АОКА билан келишилган ҳолда жамоатчилик билан ишлайдиган масъул ходимлар томонидан бу каби тадбирлар олиб бориш белгиланган. Иккинчидан, бу Энергетика вазирлиги ва унинг ҳузуридаги иккита инспекциянинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Тизим ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар, Ёшлар форумларида ҳам бу ҳақда сўз юритилади. Хусусан, ташкилотимиз раҳбари ҳамда тизим ташкилотларида ишлайдиган масъуллар билан бирга бир неча мактаблар ва лицейларда бўлдик.

Бир мисол келтирсам. Бир рус тили ўқитувчиси электр энергиясидан фойдаланиш бўйича сўровнома ўтказганини гапириб берди. Ўқувчилар ўртасида ўтказилган сўровномада 13 фоиз иштирокчи ёниб турган чироқни ўчиришини билдирган. Қолгани ўчирмаслигини билдирган. Аксарияти эса айбдорларни топиб, чироқни ўчиришни талаб қилишини айтишган. Демак, бу оилага, оиладаги тарбия ва ўрнак бўлаётган ота-онага бориб тақалади. Оилада бу маданиятни шакллантириш лозим. Шунингдек, боғчалар, мактабларда ва, энг муҳими, ҳар биримиз бошқаларга ўрнак бўлиш орқали бу тарғиботни юритишимиз мақсадга мувофиқ, деб биламан.

Таъминотдаги узилишларни олдиндан билиб бўлмайди. Оддий қуш, чақмоқ ёки кучли шамол ҳам таъминотнинг узилишига сабаб бўлиши мумкин. Худди шу ишлар кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, барча истеъмолчилардан ичимлик суви, табиий газ ва электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, табиий бойликларимизнинг келгуси авлодлар учун қоладиган қисмини асрашга ўз ҳиссасини қўшиш, тежамкорлик ва самарадорлик масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантиришда шахсий намуна бўлишларини сўраб қоламан.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА  суҳбатлашди