Маълумки, Ўзбекистон жами аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ёшлар – давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи, эртасининг эгалари ҳисобланади. Ўзбекистон том маънода ёшлар мамлакати.

Ҳар қандай давлатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ. Шу маънода Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир.

Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши учун барча куч ва имкониятлар ишга солинмоқда. Бу каби имкониятлардан ёшларимиз самарали фойдаланмоқда.

Хусусан, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаб ўқувчилари навбатдаги олимпиадада ғолибликни қўлга киритди. Жорий йилнинг 12-13 декабрь кунлари Озарбайжоннинг Баку шаҳрида “МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро фонди” кўмагида математика, физика, кимё фанлари бўйича “Иқтидорларни тайёрлаш лабораторияси” халқаро ўсмирлар олимпиадаси ўтказилди.

Мазкур олимпиадада ҳар бир давлатдан 16 ёшгача бўлган 3 нафардан ёшлар иштирок этди. Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Озодбек Ахтамов кумуш медални қўлга киритди. Ўқувчиларимиз жамоавий ҳисобда 4-ўринни эгаллади.

Ш.Маматуропова, ЎзА