Ижтимоий тармоқларда Тошкент стоматология институти клиникасига қарашли болалар жағ хирургияси бўлими биноси Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан бузиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

ССВ матбуот хизмати бино нега бузилгани ва бу ерда нима қурилиши ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 декабрдаги йиғилиш баёни билан Тошкент давлат стоматология институти клиникаси биноси негизида Республика эндокринология марказини ташкил этиш белгиланган. Унда Яшнобод туманининг Махтумқули кўчаси 103-уйда жойлашган корпусларни хатловдан ўтказиш, шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиганларини кўчириш, бузиш ҳамда ўрнида қўшимча қурилиш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

Бино ўрнида лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан эндокринология маркази учун автотураргоҳ қуриш режалаштирилган. Эндокринология марказининг янги биноси қарийб 600 ўринга, болалар ва катталар маслаҳат поликлиникаси 500 ўринга мўлжалланган. Ҳар куни муассасага ўртача 400 нафарга яқин бемор яқинлари келиб кетади. Шунингдек, марказ ишга тушгач, бу ерда 1000 нафарга яқин тиббиёт ходими фаолият юритади. Бу эса ўз-ўзидан шифохонага келиб-кетувчи автотранспорт воситаларининг муассаса ҳудудида тўхтаб туриши ва беморларга халал бермай ҳаракатланиши учун катта ва қулай автотураргоҳ бўлишини тақозо этади.

Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг ушбу бино маданий мерос объекти эмаслиги тўғрисидаги тегишли хати, “Sentr Ekspertiza Kontrolnogo Obmera 110” МЧЖнинг техник ҳисоботи олиниб, бузиш ишлари бошланган. Буюртмачи – вазирлик қошидаги “Тиббиёт қурилиш инжиниринг” давлат унитар корхонаси.

Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси берган маълумотга кўра, ушбу иншоот маданий мерос объектлари рўйхатига киритилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 343-сонли ва 2020 йил 20 августдаги 496-сонли қарорларига асосан Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги инспекция фақатгина икки томонлама шартнома қилиниб, рўйхатдан ўтказилган объектларда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилади. Объектларнинг яроқли ёки яроқсизлигини текшириб, хулоса бериш Қурилиш вазирлиги томонидан берилган махсус лицензияга эга давлат ёки нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

“Sentr Ekspertiza Kontrolnogo Obmera 110” МЧЖга шундай лицензия 2021 йил 19 декабрда берилган. Бино бузилгунга қадар бу ерда болалар жағ хирургияси бўлими фаолият юритган. Мазкур иншоот Давлат активларини бошқариш агентлигининг бўш турган объектлар рўйхатига киритилмагани ва “Sentr Ekspertiza Kontrolnogo Obmera 110” МЧЖ хулосасига кўра яроқсиз деб топилгани учун уни баҳолаш, аукционга чиқариш тадбирлари амалга оширилмаган.

Болалар жағ хирургияси бўлими фаолияти умуман тўхтаб қолмаган. Ҳозирда улар Тошкент давлат стоматология институти клиникасининг бошқа биносида тўлиқ ва аввалгидан кўра яхши шароитда фаолият юритмоқда.

ЎзА