Эътироф

Ўзбекистоннинг гўзал пойтахти, азим Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форумида иштирок этаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Аввало, ушбу анжуманни юқори даражада ташкил қилишга барча шароитларни яратиб, қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳурматли Шавкат Мирзиёевдан миннатдор эканимизни билдирмоқчиман.

Бугун дунёда пандемия ва глобал иқтисодий инқироз билан боғлиқ долзарб муаммолар кузатилаётган шароитда эзгу мақсадларни кўзлаган ушбу форум МДҲ мамлакатлари учун муҳим аҳамиятга эга.

Биз таълим, илм-фан ва маданият соҳаларида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш билан бирга, маданий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, келгуси режаларни тузиб олиш учун йиғилдик.

Эътироф этиш жоизки, форум ташкил этилганидан буён кўплаб хайрли ишлар қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда МДҲ давлатлари ўртасида халқаро анжуманлар, фестиваллар, кўргазма ва ярмаркалар, турли танловлар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш кенг йўлга қўйилди.

Ўзбекистон маданият вазири таъкидлаганидек, мамлакатда маданият ва санъатни ривожлантириш, маданий мерос намуналарини асраб-авайлаш, таълим соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, бу ерда “Шарқ тароналари”, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Халқаро мақом санъати анжумани, “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали каби нуфузли тадбирларнинг ўтказилиши нафақат МДҲ мамлакатлари, балки бошқа давлатларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистонликларнинг санъат ва маданиятга бўлган юксак муносабатини Санкт-Петербург, Москва шаҳарларида ўтказилган “Ўзбекистон маданияти кунлари”, шунингдек, Ўзбекистонда бошқа мамлакатларнинг маданият кунлари ташкил этилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро фонди масъул вакили сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистонда ижодий ва илмий зиёлилар форуми қизғин ва самарали кечмоқда.

Анжуман иштирокчилари мамлакатда маданият ва санъат, фан-таълим, адабиёт, ёшлар билан ишлаш борасида эришилган тажрибалар билан танишмоқда. МДҲ мамлакатлари ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кучайтиришда мазкур анжуман алоҳида аҳамиятга эга.


Михаил ШВЫДКОЙ,  

МДҲ Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро фонди бошқаруви ҳамраиси, Гуманитар ҳамкорлик кенгашида Россия Федерацияси вакили, Россия Федерацияси Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик масалалари бўйича махсус вакили.  

ЎзА