Хабарингиз бор, шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида йирик халқаро анжуман – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Биз мазкур халқаро тадбирнинг мамлакатимиз, қолаверса, Ташкилотга аъзо ҳамда кузатувчи давлатларнинг ҳамкорлик алоқаларида тутган ўрни, Самарқанд саммитининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда тарихий аҳамияти тўғрисида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қодиров Қувондиқ Айитбаевич билан суҳбатлашдик.
– Дастлаб, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳақида, Ўзбекистоннинг бу ташкилотга аъзо бўлиши, умуман, бу ташкилотнинг мақсад ва вазифалари хусусида тўхталсангиз?
– Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларини самарали ҳал қилишда, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда катта ҳисса қўшиб келаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти — энг ёш тузилмалардан бири бўлиб, ўтган давр мобайнида ушбу ташкилот маслаҳат механизми форматидан, бугунги кунга келиб, кенг қамровли давлатлараро бирлашмагача бўлган даражага юксалди, десак бўлади.
Мазкур ташкилот 1996-1997 йиллари “Шанхай бешлиги” номи билан ташкил этилган ва 2001 йили Ўзбекистон мазкур ташкилотга аъзо бўлиб кириши билан “Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти” номини олган. Мазкур тузилманинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, хавфсизлик, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа устувор соҳалардаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Шунингдек, минтақавий хавфсизликни кафолатли таъминлаш, терроризм, экстремизм, айирмачилик ва гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Ҳозирги кунда ташкилот 8 та доимий аъзо давлатни, 4 та кузатувчи ва мулоқот бўйича 6 та шерик давлатларни ўз атрофида бирлаштирган. Ўзбекистон Республикаси ҳам доимо ШҲТнинг энг фаол ва ташаббускор аъзоси бўлиб келган. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунга келиб ШҲТ ҳамжамияти — улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган дунёдаги энг йирик ташкилотдир.
– Айнан, бўлиб ўтган саммит олдидан Президентимизнинг жорий йилнинг 12 сентябрь куни чоп қилинган «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи ва унинг аҳамияти хусусида тўхталсангиз?
– Президентимизнинг матбуотда эълон қилинган мазкур мақоласида юртимизда ўтказилиши кутилаётган муҳташам саммитнинг аввало, долзарблиги, саммитнинг мақсади, вазифалари ва қолаверса, кутилаётган натижалари асосли далиллар билан батафсил баён қилинган.
Мақолада Президентимиз томонидан «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик», деб таъкидлаши негизида ШҲТ халқаро ташкилот сифатидаги ўрни ва фаолиятининг асосини кўрсатиб ўтганлар. Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови сифатида — минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриш, бу ташкилот ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозимлиги кўрсатилган.
Президентимиз томонидан янги синовлар ва имкониятлар вужудга келаётган бугунги дунёда ШҲТнинг трансформацияси ва юксалиши учун нафақат аъзолар сонининг кўпайиши ҳисобига, балки ташкилот ривожининг янги стратегик йўналишларини илгари суриш орқали кенг истиқболлар мавжудлиги, бу ўринда транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва «яшил» иқтисодиёт каби муҳим йўналишларни санаб кўрсатади.
Бугунги мураккаб шароитда ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмаслигини, бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликда фаолият олиб боришни тақозо этишини таъкидлайди. Шу ўринда, инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратиш лозимлиги, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга рахна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш, ташкилотга аъзо барча учун бирдек манфаатли эканлигини Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтгани бежиз эмас.
Мақолада асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозимлигини, бунда эса, «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш вазифаларини ва бунинг тараққиётимиздаги аҳамияти ҳақида кенг тўхталинади.
– ШҲТ мазкур саммитининг юртимизда ўтганлигини ва унинг аҳамиятини қандай изоҳлайсиз?
– Биз юқорида тилга олган Президентимиз мақоласида айнан шу масалага алоҳида тўхалинган. Бунда Самарқанд заминини тилга олар экан, бу афсонавий шаҳарнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига, Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилишига ҳамда кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирганлигига урғу берилади. Шунинг учун ҳам «Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. «Самарқанд руҳи» деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин» дея таърифлаган фикрларида ҳар томонлама асосли маънолар борлиги кўрамиз.
Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди.
Мазкур ойда бутун ер сайёрасининг диққат-эътибори мамлакатимизга қаратилди. Юртимизга ташриф буюрган хорижлик 500 дан ортиқ ОАВ ходимлари томонидан дунёнинг барча телеканалларида ва ижтимоий тармоқларида «Ўзбекистон», «Самарқанд» атамалари баралла янгради. Қолаверса, бутун дунёда Евросиё етакчи давлатлари раҳбарларининг саммитдаги учрашувига қизиқишлари ортди.
Ўзбекистон мамлакати, жумладан, Самарқанд том маънода жаҳон сиёсатининг марказига айланди. Негаки, саммит ташкилотга аъзо мамлакатлар манфаатларига бевосита таъсир кўрсатадиган, минтақавий тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, умуман олганда, дунёда содир бўлаётган жараёнларга таъсир кўрсатадиган мутлақо янги шароитларда ўтказилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаймизки, биз бугун дунёда глобал сиёсат ва иқтисодиётда тобора кучайиб бораётган «гирдоблар» ва жиддий кескинликларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари, жумладан, БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари (Хитой ва Россия) — ядро қуролига эга қудратли давлатларнинг иштироки халқаро ҳамжамият учун катта аҳамиятга эга бўлди.
Шуниси муҳимки, мамлакатимиз нафақат саммитнинг ўзига мезбонлик қилди, балки унинг доирасида кўплаб: икки-уч, ҳатто тўрт томонлама учрашувлар доирасида келишувлар имзоланди. Бу эса, улуғвор мақсадларни олдига қўйган нафақат Янги Ўзбекистон мамлакатига, балки жаҳон сиёсатига ҳам катта таъсир қилади. Ана шунинг учун ҳам Самарқанд саммити чинакам тарихий ҳодиса сифатида муҳим аҳамиятга эгадир.
– ШҲТ Самарқанд саммитининг олдинги саммитлардан ўзига хослиги нимада деб биласиз?
– Самарқанддаги саммит ШҲТ доирасида ўтказилган энг йирик ва энг нуфузли сиёсий тадбирга айланди.
ШҲТ тарихида илк бор саммитда 14 та давлат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Шарқий, Жанубий ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Каспий денгизи минтақаси давлатлари раҳбарларини бир майдонга тўплади.
Улар дўстона муҳитда «юзма-юз» мулоқот қилиш имконига эга бўлишди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари норасмий шароитда умумий дастурхон атрофида суҳбат ўтказаётган фотосуратини ҳамма кўрган бўлса керак. Ўйлайманки, бу фотосурат саммит бўлиб ўтган ишончли кайфият ва муҳитни жуда яққол акс эттирди.
Самарқанд саммити ШҲТ нафақат энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлиб қолаётганини, балки ўзининг асосий тамойиллари – блоклардан ташқари мақом, учинчи давлатларга қарши турмаслик, очиқлик, консенсус, ишонч, ўзаро манфаатдорлик, тенглик ва ўзаро ҳурматга содиқлигини яна бир бор намойиш этди.
Ўзбекистон Президентининг ШҲТ “тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим”лиги ҳақидаги мурожаати ҳам ўз тасдиғини топди.
– Самарқанд саммитининг қандай амалий натижаларини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, иштирокчи давлатлар томонидан бугунги кундаги энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги таназзулнинг кучайиши, мавжуд логистика йўналишлари ва таъминот занжирларининг узилиши, сайёрамиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиб бораётганини асосий диққат марказида тутишди.
Саммит доирасида 40 дан ортиқ ҳужжат имзоланган бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистон томони ташаббуси билан тузилган ва стратегик аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳужжатлар десак бўлади.
Самарқанд саммитида қабул қилинган қарорлар чинакам ютуқ бўлиб, улар Шанҳай ҳамкорлик ташкилотини келгуси ўнлаб йиллар давомида ривожлантиришнинг муҳим векторлари бўлиб хизмат қилувчи чинакам янги стратегик йўналишларни белгилаб берди.
Масалан, стратегик ҳужжатлардан ШҲТга аъзо давлатларнинг Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс режаси, шунингдек, иқлим ўзгаришига муносабат бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Қўшма баёноти ўрин олди.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик концепциялари имзоланди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
Ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ҳамкорлик қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
ШҲТнинг кутилаётган кенгайиши Миср, Саудия Aрабистони ва Қатар билан мулоқотда ШҲТга шерик мақомини бериш тўғрисидаги меморандумларни имзолаш орқали амалга оширилди. Бундан ташқари, ШҲТ ва қатор халқаро ташкилотлар ўртасида расмий алоқалар ўрнатилди. Улар орасида ЮНЕСКО, АДЛ, ЭСКАТО кабилар ҳам бор.
“Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама битим имзолангани ҳам муҳим аҳамият касб этди. Лойиҳа ўз қарорини 20 йил кутган эди. Ушбу улуғвор лойиҳанинг амалга оширилиши Иккинчи континентал транспорт кўпригининг жанубий йўлагини яратиш билан бирга, уч мамлакат ишлаб чиқарувчилари учун янги маҳсулотлар бозорларини ҳам очиб беради. Йўл қурилиши Марказий Осиё мамлакатлари транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни, Форс кўрфази ва Тинч океани портларига қулай чиқишларини таъминлайди.
Самарқанд саммити доирасида икки ва кўп томонлама шаклларда ўтказилган музокаралар сонини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмасликнинг иложи йўқ. Ушбу учрашувлар давомида иштирокчилар бир қатор глобал ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббуси” ушбу саммитнинг асосий воқеаси сифатида эътироф этилди. Бу масалада фикрларингиз?
– Шубҳасиз, Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббуси”ни ШҲТ саммитининг асосий воқеаси деб аташ мумкин.
Президентнинг таклифи Самарқанд саммити арафасида эълон қилинган дастурий мақоласининг мантиқий давоми бўлди.
Дарҳақиқат, Самарқанд ташаббусини унинг мақоласида белгилаб берилган замонавий дунё тартибининг асосий чақириқлари ва муаммоларига ўзига хос жавоб, дейиш мумкин.
Шунинг учун, бу ташаббус ана шундай эътибор тортгани ва экспертлар муҳокамаси марказидалиги табиий.
Самарқанд ташаббусининг аҳамияти, биринчи навбатда, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда унинг долзарблиги. Жаҳон миқёсида ишонч ва ўзаро бегоналашиш инқирози кучайиб бораётган бугунги кунда, Ўзбекистон Президенти томонидан “умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, келишмовчиликларга қарамай, келишилган ёндашувлар ва ечимларни излашга тайёр бўлган” барчани конструктив мулоқотга жалб этиш муҳим, дея таъкидланади.
Бундан ташқари, Самарқанд ташаббусининг яна бир ўзига хослиги шундаки, илк бор бугунги куннинг долзарб масалалари бўйича ҳали ўхшаши бўлмаган глобал мулоқот майдонини шакллантириш масаласи таклиф этилди.
Яъни, иқтисодиёти, географияси, катталиги, маданияти турлича бўлган давлатлар ва халқларни бирлаштира оладиган майдон. Бу майдон уларни биргаликда мулоҳаза юритиш, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни янада таъминлаш учун янги ёндашувларни излаш мақсадида бирлаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Aйтиш мумкинки, ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муваффақиятли модели жаҳон даражасига кўтарилиб, халқаро ҳамкорликнинг янги формати учун асос бўлди.
Дарҳақиқат, мазкур саммит геосиёсий рақобат, маданий ва қадриятлар низолари, миллий худбинлик ва мафкуравий тарафкашликдан холи янги халқаро мулоқот бўлди, десак тўғри бўлади.
– ШҲТ Самарқанд саммитида имзоланган ҳужжатлар хусусида тўхталсангиз?
– Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунида жами 44 та муҳим ҳужжатлар имзоланди. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди. Жами 44 та ҳужжат – битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот тарихида рекорд кўрсаткичдир.
Жумладан, қабул қилинган айрим ҳужжатлар сифатида қуйидагиларни келтиришимиз мумкин:
– ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси тўғрисида;
– ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепцияси тўғрисида;
– ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси” тўғрисида;
– ШҲТ котибияти ва Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича БМТ (ЮНЕСКО) ўртасида меморандумни имзолаш тўғрисида;
– иқлим ўзгаришига нисбатан жавоб ҳаракатлари тўғрисида;
– глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида;
– энергетик хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги баёнотлари қабул қилинди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
– ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида хизматлар савдоси соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳадли асослари;
– ШҲТ мамлакатларининг ваколатли органлари ўртасида музей иши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– ШҲТ мамлакатларининг ваколатли органлари ўртасида ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– ШҲТ мамлакатларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлиги дастури;
– ШҲТ мамлакатларини инфратузилмавий ривожлантириш дастури;
– ШҲТ мамлакатларининг ишбилармон доиралари ўртасидаги саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури;
– Рақамли саводхонликни ривожлантириш бўйича ШҲТ дастури;
– ШҲТга аъзо давлатларнинг сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ҳамкорлиги дастури;
– ШҲТга аъзо давлатларнинг тиббиёт ташкилотлари ўртасида юқумли касалликларни профилактика қилиш ва даволаш масалаларида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”;
– ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида устувор йўналишлардаги илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳаракатлар режаси (2022-2025 йилларда);
– ШҲТда минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;
– ШҲТ мамлакатларининг телемедицина соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси;
– ШҲТ котибияти билан Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ЭСКАТО) ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
– Мазкур саммитнинг биз истиқомат қилаётган Оролбўйи ҳудудимиз учун тутган ўрни ҳақида тўхталсангиз?
– Мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳташам саммит доирасида савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, илмий-техникавий, туризм, атроф-муҳит мухофазасига оид қабул қилинган ҳамда имзоланган тарихий ҳужжатлар Янги Ўзбекистон таркибида дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Янги Қорақалпоғистон учун ҳам жуда катта амалий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.
Таъкидлаш жоиз, Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи ҳудудида ҳамда айни пайтда экологик фожеанинг қоқ марказида жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Мазкур экологик кризиснинг салбий оқибатларини юмшатиш, аҳолинининг саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳудудда янги саноат-кооперацияларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳисобланади. Ушбу йўналишларда ШҲТга аъзо, шунингдек, кузатувчи ва ҳамкор давлатлар билан тузилган келишувлар, албатта, ўзининг самарали натижасини бериши, шубҳасиздир.
– Хулоса ўрнида фикрларингиз?
– Дунёда рўй бераётган буюк ривожланишлар, инновацион ютуқлар замирида, албатта, илм ётади. Шу ўринда Имом ал Бухорий бобомизнинг «Илмсиз нажот йўқ ва бўлмағай», деган фикрлари, фикримиз далилидир. Демоқчимизки, Президентимиз саммитда сўзлаган нутқида Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида келгусида тизимли равишда университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшма форматларни таъсис этиш зарурлиги тўғрисида ўз таклифларини билдириб ўтди ва бу таклифлар тўлиғи билан қўллаб-қувватланди.
Республикамиздаги тўнғич олий таълим муассасаси сифатида, ўзининг сал кам 90 йиллик тарихга эга бўлган, 20 мингга яқин талабалари ва 600 дан зиёд педагогик жамоага эга бўлган Нукус давлат педагогика институтининг кенг жамоатчилиги – Самарқанд саммити доирасида қабул қилинган тарихий ҳужжатларни, таклифларни бугунги ҳамда эртанги кунимиз ниҳотяда муҳимлигини алоҳида таъкидлайди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Ҳозирги кунда институтимиз дунёнинг 50 га яқин етакчи олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлса, уларнинг аксарияти ШҲТга аъзо ва ҳамкор бўлган Россия, Хитой, Қозоғистон, Покистон, Туркия, Озарбайжон каби давлатларнинг илмий-тадқиқот марказлари ҳисобланади. Саммит доирасида қабул қилинган ҳужжатлар эса, бизнинг айни йўналишдаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашда, ёшларимизни Ватанимизнинг буюк келажаги йўлида етук мутахассис бўлиб, Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни қуришга қодир бўлган рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишида муҳим замин бўлишига ишонамиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мазкур саммитнинг мазмун-моҳиятини ўқувчи ва талаба ёшлар, қолаверса, халқимиз орасида кенг тушунтириш, тарғиб қилиш – юртимизда фаолият кўрсатаётган таълим муассасаларининг асосий вазифаларидан биридир.
Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатлашган: Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.