Марказий Осиё ёш қиличбозлари Тошкентда

ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда қиличбозлик бўйича болалар ўртасида ўтаётган Марказий Осиё очиқ чемпионатида Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда мамлакатимиз вакиллари иштирок этмоқда.
«Пахтакор» қиличбозлик мажмуасида 11-14 ёшли ўғил-қизлар қиличбозликнинг шпага, рапира ва сабля йўналишлари бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказади.
Бугун рапира бўйича ўтказилган яккалик баҳсида жами 106 нафар ёш спортчи ғолиблик учун беллашди. Якуний натижаларга кўра, (12 ёш) қизлар ўртасида кечган баҳсларда ҳамюртимиз Раяна Ташимова ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Кейинги ўринлар ҳам вакилларимизга насиб этди. Ўғил болалар баҳсида Абдурашид Абдужалиловга тенг келадигани топилмади. Фарғоналик Селихон Мустафоев 2-ўринга сазовор бўлди. 3-ўринни Абдуллоҳ Кеунимжаев (Қорақалпоғистон) ва Расулжон Мамадалиев (Андижон)лар эгаллади.
14 ёшлилар ўртасидаги баҳслар ҳам кескин ва муросасиз ўтди. Қозоғистонлик қизлар Инжу Сатимбек (1-ўрин) ва Жанель Жумагали (2-ўрин) маҳорат кўрсатишди. 3-ўрин эса тошкентлик қизлар – Раяна Ташимова ва Эвелина Керимовага лойиқ кўрилди.
Ўғил болалар мусобақасида ҳам қозоғистонликлар (1-ўрин Нурхан Абдраман ва 2-ўрин Давид Бидарев) етакчилик қилди. 3-ўринни ҳамюртларимиз бўлишиб олдилар: Назар Ғофуров ва Муҳаммаджаҳон Қосимов.
Марказий Осиё чемпионати 21 декабрь кунига қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА