Тошкентда Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити бугун ўз ишини давом эттирмоқда.

Cаммитнинг иккинчи иш куни “Барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган гендер масалаларига йўналтирилган парламентлар” мавзусини муҳокама қилишдан бошланди.

Мажлисни Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида саммит юқори савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф этди. Бундай тадбирлар орқали аёллар муаммоларини ҳал этиш билан бирга уларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашга эътибор кучаяди. Айтмоқчиманки, дунё аслида бу масалада кўп вақт йўқотган. Эртароқ бу йўналишда ишлаганимизда ишсизликдан қийналаётган ёки бошқа муаммоларга дучор бўлаётган аёллар кескин камаяр эди.

М.Чунгонг нутқи давомида Қиролича Елизатева II ни эсга олиб, у юксак мартабали аёл бўлибгина қолмай, дунёда ўз ўрнига эга бўлганини алоҳида таъкидлади. Нотиқ таклифи билан анжуман иштирокчилари куни кеча вафот этган Қиролича хотирасига ҳурмат бажо келтириб, бир дақиқа сукут сақлади.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз сўзида Ўзбекистонда ҳам гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, мазкур масала давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланганини таъкидлади. Бу борадаги ишлар “Ҳеч бир аёл давлат ва жамият эътиборидан четда қолмайди” деган қатъий тамойил асосида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётганини қайд этди.

Инқирозларни ҳал қилишда гендер тенгликни таъминлашга йўналтирилган парламент айниқса муҳимдир. Парламентлар томонидан пандемияга мослашган ҳолда эркаклар ва аёллар тенглиги бўйича қабул қилинган сўнгги чора-тадбирлар ҳам бундан далолат беради. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, муҳокама шаклида ташкил этилган сегмент мажлисида тўртта асосий мавзу юзасидан фикр алмашилмоқда.

Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров(фото), ЎзА