Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда

Президент тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун, 2023 йил 1 январдан:
– кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;
– мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;

–соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;

– давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).
Очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес учун энг муаммоли масалалардан бири қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайтариш билан боғлиқлиги таъкидланди.

Президент 2021 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, қўшилган қиймат солиғи ставкасини янада туширишга ваъда берган эди.

–Очиқ айтишим керак, “иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик”, деб таклиф берганлар ҳам бўлди. Лекин сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз!, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Аъло Абдуллаев(сурат), ЎзА