“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси раҳбарияти ҳамда касаба уюшмаси томонидан ишчи-ходимларни ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жами 1700 нафар киши меҳнат қиладиган корхонада ходимлар байрам кунларида мукофот пули, шунингдек, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб келинмоқда. Ички бозорда маҳсулотлар нархининг ошиши, ишчи-ходимлар истиқомат қиладиган “Элобод” шаҳарча фуқаролар йиғинининг Қўнғирот тумани марказидан 40 километр узоқликда жойлашгани ҳисобга олиниб, инвесторлар ва кузатув кенгаши ташаббуси билан корхона ходимларига ун ва ёғ маҳсулотлари тарқатилди. Олиб келинган маҳсулотлар бозорлардан арзон бўлиб, ходимларга янада енгиллик яратиш учун имтиёзли нархларда берилди. Бу дегани, ҳар бир ходимга берилган маҳсулотларнинг 50 фоизи ойлик маошдан, қолгани касаба уюшма томонидан тўлаб берилади.

Ишлаб чиқаришда меҳнат қилаётган ходимларнинг иш шароитини яхшилаш ва уларни сифатли ичимлик суви билан таьминлаш учун корхона ва касаба уюшмаси ҳисобидан 30 дона кулер  ҳамда 100 дона сув идиши харид қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА