ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи ўзининг 93 йиллик тарихига эга.
Музей дастлаб Тўрткўл туманида ташкил этилган бўлиб, Ўлкашунослик музейи номи билан юритилган. 1944 йилда Нукусга кўчирилган. Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида мозийдан сўзловчи ушбу маскан замонавий янги бинога эга бўлди. Музейнинг Элликқалъа ва Мўйноқ туманларида филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда музейнинг этнография, табиат, археология, ҳунармандчилик, янги тарих ва фотография фондларида жами 90 мингдан зиёд экспонат сақланмоқда.

– Музейимизнинг экспозиция залига ташриф буюрувчилар Оролбўйи ўлкаси табиати, ҳудуддаги археологик ва маданий ёдгорликлар, қорақалпоқ халқининг тарихи, миллий этнографияси ҳақида кенг маълумотга эга бўлади, – дейди музей директори ўринбосари Сания Бойбўсинова. – Шунингдек, музейда таниқли адиб ва санъат арбоблари, меҳнат қаҳрамонларига тааллуқли ноёб ашёлар ҳамда ёзма маълумотлар мавжуд.
 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат),ЎзА