Президент раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.

–Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларимизни одамлар, биринчи навбатда, тез тиббий ва шошилинч ёрдамда бўлган ўзгаришларни кўргандагина ҳис қилади. Инсон соғлиғи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишда “олтин соат” оралиғида биринчи ёрдам кўрсатувчи бўғин, албатта, тез тиббий ва шошилинч ёрдам ҳисобланади. Айтиш жоизки, ушбу соҳа умуман эътибордан четда қолиб кетган эди.

Мана, сўнгги беш йилда ушбу ҳаётий муҳим соҳаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича катта ишларни бошладик ,– деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Жумладан, бу даврда:

– 2 224 та янги тез ёрдам машинаси олиб берилди ёки транспорт паркининг 80 фоизи янгиланди;

– замонавий реанимация машиналари сони 24 тадан 435 тага кўпайтирилди;

– битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори-дармон турлари 20 тадан 45 тагача оширилди.

Шунингдек, тез ёрдам подстанциялари сони 800 тадан 1 666 тага, тиббий ёрдам бригадалари эса 1 890 тадан 2 695 тага етказилди. Натижада тез ёрдамнинг кечикишлари шаҳарларда 10 бараварга қисқарди.

Ҳудудларда 21 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди (йил якунига қадар марказлар сони 35 тага етказилади).

Мисол учун, “Қамчиқ” довонидаги автоҳалокатларда оғир тан жароҳати олган беморлар олдинлари 100 километр масофани босиб, Тошкент ва Наманган шаҳридаги шошилинч марказларга олиб борилган.

Ангрен шаҳри ва Поп туманида очилган марказлар ҳисобига ўтган 3 ойнинг ўзида бош мияда 80 га яқин шошилинч мураккаб операциялар ўтказилди.

Ёки, Қўрғонтепа туманида ташкил этилган марказда ўткир юрак қон-томир касалликлари бўйича 68 нафар беморга шошилинч операциялар ўтказилиб, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Олдинлари бу операциялар фақат Андижон шаҳрида бўлган.

Лекин Шаҳрисабз, Касби, Сирдарё туманларида бундай марказларни ташкил этиш ишлари суст кечаётганлиги айтилди.

ЎзА