Президент раислигида пойтахтимиздаги 102-заиф эшитувчи болалар учун ихтисослашган мактаб интернатида Саховат, Мурувват ва Меҳрибонлик уйлари ҳамда махсус мактаб-интернатлар фаолияти бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.

–Авваламбор, сиз, азизларни муборак Рамазон ойида соғ-саломат ва яхши кайфиятда кўриб турганимдан хурсандман. Ушбу қутлуғ ойда Аллоҳнинг марҳамати билан бутун ер юзига барака ва яхшиликлар ёғилади. Сабр-қаноат ва хайр-саховатли ишлар учун кўп-кўп савоблар ёзилади, –  деди давлатимиз раҳбари. –Муборак Қуръони каримда ҳам “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деб таъкидланган.

Барчангиз яхши биласизлар, биз амалга ошираётган туб ислоҳотларимиз доирасида халқпарвар давлат яратиш, инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашни энг устувор йўналишлар қаторида белгилаганмиз.  Ўтган йили 25 мартда алоҳида Фармон қабул қилиб, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Саховат ва Мурувват интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Жумладан, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, Саховат ва Мурувват уйлари, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди.

Саховат, Мурувват уйлари, Республика фахрийлар пансионатининг раҳбар ва шифокорлари иш ҳақи 1,5 баробарга, кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари иш ҳақи 2 баробарга оширилди.

Ушбу интернат уйларда яшовчи 9 минг 400 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ҳамда 18 минг нафар ҳеч кими йўқ ва ёлғиз яшайдиган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.

Ногиронлиги бўлган 900 нафар болалар протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди.

“Замин” жамғармаси билан ҳамкорликда заиф эшитувчи 2 мингдан зиёд болалар жами 4 мингта рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди, 11 та ихтисослашган мактаб-интернат ёрдамчи товуш-нутқ воситалари билан жиҳозланди. Шунингдек, 1 минг 100 нафар ногиронлиги бўлган шахслар пультли аравачалар билан таъминланди.

ЎзА