Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида иштирок этиш учун 9 ноябрь куни мамлакатимизга келди.
Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Саммит доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳри мезбонлик қилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн бешинчи саммитида иштирок этган эди.
Ўшанда мамлакатимиз етакчиси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурган. Якунда Президентимиз учрашув иштирокчиларини Ўзбекистонда ўтказиладиган навбатдаги саммитга таклиф қилганди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА