Қимматфуруш таксичилар, меҳмонларнинг пулини шилаётган олғирлар... Сайёҳлар бунга бефарқ эмас!

Мақолани тайёрлаш чоғимда сайёҳлик агентликлари билан боғланиб, сайёҳларни қийнаётган муаммоларни билмоқчи бўлдим.

Бир нечта сайёҳлик агентликлари билан боғландим. Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, ҳар йили 1,5 млн.га яқин хорижлик меҳмон мамлакатимизга ташриф буюради ва уларнинг ўртача 500 мингдан ошиғи айнан туризм мақсадида сафар қилган. Айнан ушбу сайёҳлар туфайли туризм салоҳияти ривожланади ва юртимизга берилажак баҳони айнан шу кишилар белгилайди.
– Саёҳатга аёлим билан чиқдим, – дейди испаниялик сайёҳ Ортиз Нетали. – Бухоро ва Самарқанд каби тарихий шаҳарларда бўлдик. Одамлари жуда меҳмондўст ва овқатлари ширин. Аммо бозорлардаги тартибсизликлар, айниқса озиқ-овқат маҳсулотларининг ерда ёйиб сотилиши дилимни хира қилди. Ҳужжат тўлдиришда, меҳмонхона танлашда, шаҳарлараро йўлларда жуда қийналдим. Аэропортдан тушганимда меҳмонхонагача таксида 50$га борганман, аслида такси нархи анча арзонлигини кеч билдим. Аммо шуни алоҳида айтишим керакки Марказий Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон табиати, тарихий шаҳарлари, меҳмондўстлиги билан ажралиб туради.
Сайёҳлик агентликлари ва чет эллик сайёҳлар билан суҳбатлашиб, юртимизда туризмни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиб, уларга кузатувчи сифатида ечим беришга ҳаракат қилдим.
Биринчидан, жуда кўп ва хўп айтилган муаммолардан бири, бу – авиачипталарнинг қимматлиги. Чет эллик сайёҳларнинг мамлакатимизга асосий ташрифи авиарейс орқалидир. Охирги пайтлар бу соҳада янги қарорлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Айниқса, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида йўловчилар учун имкониятлар яратилганидан хабаримиз бор, энг ютуқли тарафи, бу – паспорт назоратидан ўтишнинг қисқарганлигидир. Бироқ нархлар ҳали-ҳамон тош қотиб турибди. Авиачипта нархларини оптималлаштириш ва авиакомпаниялар сонини кўпайтириш, соҳада соғлом рақобатни шакллантириш вақти келди.
Иккинчидан, меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифатининг юқори эмаслиги. Сайёҳлар одатда саёҳат қилмоқчи бўлган юртинг шарт-шароитлари билан обдон танишиб чиқишади.

Аксарият сайёҳлар бу бўйича маълумотларни меҳмонхона сайтларидан олишади. Меҳмонхоналарнинг сервиси, туристлар учун чегирмалар мавжудлиги, имкониятларига қараб меҳмонхона танлашади. Меҳмонхоналаримизда хизмат кўрсатиш сифати қувонарли даражада эмаслигини яхши биламиз.

Хусусий уйлар негизида ташкил қилинган кичик отел ва хостелларда хизмат кўрсатиш сифати сайёҳларни тўлиқ қониқтиряпти деб айтолмаймиз.

Айниқса, меҳмонхоналарда такси хизматининг йўқлиги сабаб юртимизга келган сайёҳлар аэропортдан, яъни остонадан туриб катта муаммоларга дуч келмоқда. Бунга ҳайдовчи аканинг ҳиндистонлик сайёҳларни кун бўйи шаҳар айлантириб юргани учун 1500$ (бир ярим минг доллар) қўлдан санаб олганлигини мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Бундай муаммоларга ечим сифатида кадрлар танқислигининг олдини олиш, меҳмонхоналарда такси ва гид хизматини йўлга қўйиш, меҳмонхона расмий сайтлари орқали Ўзбекистоннинг туристик имижини шакллантириш ва юртимизга иккинчи ва ундан кўп маротаба келаётган сайёҳлар учун чегирмалар ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Учинчидан, юртимизда тарихий масканлар жуда кўп. Ҳар бир вилоятда сайёҳларни ўзига жалб қиладиган туристик марказлар ташкил қилса бўлади.

Масалан, Наманган гуллар шаҳри, йилига бир маротаба ўтказиладиган гуллар фестивали кам. Балки гуллардан иборат катта макетлар ясаш мумкиндир ёки Сурхондарёнинг қадди баланд тоғлари бағридаги юлдузли “Оpen hotel” ёки Имом Термизий номидаги музейни кўришни хоҳламайдиган одам бўлмаса керак, уларни қизиқтира билиш керак, холос.

Тўртинчидан, адабий туризмни ривожлантириш лозим. Чет эллик сайёҳлар юртимизга фақат тарихий шаҳарларимиз-у, ош-овқатларимиз учун келишади десак, адашамиз. Бундоқ ўйлаб кўрсак, сайёҳларнинг юртимизга келиши учун жуда кўп сабаблари бор.

Ахир бу юрт Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмий, Имом ал Бухорий каби буюк аждодларга ватан бўлган диёрдир.

Эшитишимча, Шотландияда Шерлок Холмснинг яшаган уйи бор экан. Ўйлаб кўринг, Шерлок Холмс йўқ одам, у адабий асар қаҳрамони, аммо туристлар дунёнинг қанча бурчагидан унинг ўқиган китобларини, фойдаланган кўз ойнаги ва кийган костюмларини кўриш учун ташриф буюради.

Бизда-чи, афсонага айланган, ҳақиқат ҳаётда яшаб ўтган буюк зотлар бор. Қолаверса, ким ҳам Фарҳод ва Шириннинг, Лайли ва Мажнуннинг, Тоҳир ва Зуҳранинг, Отабек ва Кумушнинг яшаб ўтган жойлари ёки уларни ҳаётда кўришни хоҳламайди.

Бешинчидан, овқатланиш шохобчаларидаги муаммолар. Бу муаммо ташқи туризм у ёқда турсин, ҳаттоки ички туризмни ривожлантиришга ҳам тўсиқ бўлмоқда. Ўзбек паловини эшитган, уни таъмини татиб кўришни истайдиган, Гиннесс рекордлари китобига кирган миллий таомимиз кўринишини билиш учун интернет қидирув тизимларига кириб кўрган сайёҳлар кўп.

Овқатланиш шохобчаларидаги шароитлар билан мақтана оламизми?! Арзон, аммо сифатига ўйлаброқ қоладиган, қиммат лекин берган пулингизга арзимайдиган жойлар кўп. Бу туристлар борадиган жой бўлса борми, иложи бўлса, туристларнинг чўнтагидаги охирги чақасигача “суғуриб” олса.

Энг қизиғи, баъзи жойларда овқат ейсан-у, аммо ҳожатхонасигача пулли қилиб қўйишади. Бу ҳам аслида хизмат кўрсатишнинг бир тури. Ҳамма жойларда ҳам жамоат ҳожатхоналари мавжуд эмас. Юртимизга келаётган сайёҳларнинг ҳаммаси миллиардер эмаслигини ҳисобга олсак, яхши бўларди. Якка тартибда ўзи саёҳат қиладиган сайёҳлар учун овқатланиш шохобчасида овқатланиш менюсини иложи борича уч тилда кўрсатгани мақсадга мувофиқ.

Олтинчидан, миллий туризм имижини яратиш. Соҳада жуда катта ўзгаришлар кутиляпти. Аксарият сайёҳлар борадиган давлати ҳақида маълумотларни қидирув тизимлари орқали олишади.

Масалан, Euronews давлатимиз ҳақида ролик қилганида жуда хурсанд бўлдик ва бажонидил ёрдам бердик. Биз ҳақимиздаги чет эллик сайёҳларнинг қарашини айнан “.ru”, “.org” доменлардаги сайтлар ҳал қилаяпти.

Чет эллик сайёҳларни жалб қилиш бўйича роликлар тайёрланди. Аммо бу ахборотлар жаҳон медиа бозорида қанчалик харидоргир?!

Ахир ўзимиз ҳам сотувчи мақтаганини эмас, харидор мақтаган нарсани олишга қизиқамиз. Ҳар куни сония ичида минглаб “Ўзбекистон” теги билан интернетда маълумот қидирилади, бу бизга бўлган қизиқишнинг ортишидан дарак беради.

Шунинг учун доимий тарзда чет тилларида роликлар, кўрсатувлар, мақолалар ёзилиши ва уни миллий “.uz” доменида жаҳон медиабозорига олиб чиқишни йўлга қўйиш керак.

– Иш фаолиятим орқали жуда кўп давлатларда бўлдим, – дейди журналист Беруний Алимов. – Бир нарсани фахр билан айтишим мумкин ўзбек халқидек меҳмондўст миллат кўрмадим. Бугунги кунда туризм салоҳиятини ошириш учун кўп ишлар қилинмоқда. Лекин соҳада оқсашлар бор. Чунки сайёҳларнинг “пулини шилишни” эмас, балки уларда мамлакатимиз ҳақида ижобий таассурот қолдириш асосий вазифамиз бўлиши керак.

Айниқса, сайёҳларга хизмат кўрсатадиган гидларнинг хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашимиз шарт. Масалан, япониялик ҳамкасбларим Хивада бўлишди. Кичик иккита гуруҳга алоҳида гидлар хизмат кўрсатди.

Калта Минор қурилиши тарихи ҳақида иккита гуруҳга ҳам икки хил маълумот берилган. Масалан, биринчи гуруҳда уруш туфайли тўхтатилган деган бўлса, иккинчи гуруҳда минор қурувчиси шоҳнинг золимлиги туфайли қанот ясаб учиб кетган дейишган.

Ваҳоланки, ҳамкасбларим эшитган нарсаларини бир-бирига айтганларида икки хил маълумот чиқиб келди. Гидларни рўйхатга олиш тартибини ҳам кўриб чиқиш керак. Чунки айрим сайёҳларга маҳаллий фуқароларнинг ўзлари гид бўлмоқда.
Бу муаммолар фақатгина кузатувчи сифатида ўрганганларим. Ахир ватанпарварлик ҳисси баландпарвоз гап-сўзларда эмас, балки ён атрофимизда, мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришларга ўзимизнинг фаол фуқаролик позициямизни билдиришдан бошланади.

Хулоса ўзингиздан…

Қаҳрамон Шерматов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси,

бош мутахассиси

 

ЎзА