Қонун ижодкорлиги жараёнида ёшларнинг иштироки кенгайтирилади

21

Сенатда Тошкент шаҳридаги бир қатор хорижий ва давлат олий таълим муассасалари талабалари ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Буюк Британиядаги фаол ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ёшлар Сенат ва Ёшлар парламенти фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёни, шунингдек, сенаторларнинг иш тартиби билан яқиндан танишди.

Сенатор Малика Қодирхонова парламент ислоҳотлари, қонун ижодкорлиги жараёнида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда ёшлар билан очиқ мулоқотнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

Тадбир давомида Ёшлар парламенти раиси Лайло Аслонова Президентнинг ёшлар билан яқинда ўтказган учрашувида илгари сурилган ташаббуслар, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Учрашув якунида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 ***

Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга бағишланган учрашув ўтказилди.

Мулоқотда хорижда меҳнат қилаётган ва таълим олаётган ўзбекистонлик ёшларнинг таклиф ҳамда ташаббусларини қонунчилик даражасига олиб чиқиш механизмини яратиш, ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ижтимоий лойиҳалар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Эндиликда хориждаги ёш мутахассислар ва олимлар қонун лойиҳалари муҳокамасига эксперт сифатида жалб этилади ҳамда “Хориждаги ёшлар – парламент билан мулоқот” доимий платформаси яратилади.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг глобал интеллектуал салоҳиятини парламент фаолияти билан интеграция қилишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Н.Абдураимова, ЎзА