Бугун аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари бошланди

24

Аввал хабар берилганидек, 2025 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги ПҚ-173-сонли фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга мувофиқ, Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралгача даврда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилиши белгиланди.

Бу тадбир икки босқичда амалга оширилади.

Дастлабки босқичи 15-31 январь кунлари ўтказилиб, фуқаролар «census.stat.uz» портали орқали (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) онлайн рўйхатдан ўтади. Ушбу босқичда тўпланган маълумотлар 3 кун ичида таҳлил қилинади.

Бунинг учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Барча масъул идора ва ташкилотларда, маҳаллаларда рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш масалаларига бағишланган семинарлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Мактаблар ва таълим ташкилотларида аҳолига рўйхатга олишнинг мазмун-моҳияти ва мақсадлари тушунтирилди.

Бугун мамлакатимиз бўйлаб аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари бошланди.

– Бугун статистика бошқармаси ходимлари «census.stat.uz» портали орқали тўлиқ рўйхатдан ўтиб бўлди. Масъул ходимлар туманларга бўлиниб, рўйхатга олиш ишларини мувофиқлаштириб бориш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳам бу ишлар уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда, – дейди бошқарма матбуот хизмати бошлиғи С.Қайпов.

Биз барча фуқароларни ушбу тадбирларда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.

Чунки рўйхатга олиш жараёни нафақат рақамларни йиғиш учун, балки фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим қарорлар қабул қилишга асос бўлади.

Маълумот учун, рўйхатга олишнинг кейинги босқичи 4-28 февраль кунлари оралиғида ўтказилиб, унда «маҳалла еттилиги» ва бошқа фаоллар уйма-уй юриб керакли маълумотларни тўплайди.

Бу орқали – аҳоли ҳақида батафсил маълумот йиғиш, яъни оилалар таркиби, ундаги ёшлар ва кексаларнинг улуши, таълим даражаси, бандлик ҳолати ва миграция жараёнлари бўйича маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигидаги ҳолат – ердан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик кўрсаткичлари аниқланади.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги