Фитосанитария лабораторияларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда

Айни пайтда республикамизда Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги стратегик шериклик, фитосанитария соҳасида ҳамкорлик доирасида «Ўзбекистон Республикаси фитосанитария хизмати салоҳиятини ривожлантириш – ўсимликлар карантини чегара пунктларини такомиллаштириш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳузуридаги марказий фитосанитария лабораторияси замонавий ускуналар билан жиҳозланмоқда. Бу фитосанитар таҳлилларни халқаро стандартлар асосида ўтказиш, экспорт ва импорт қилинаётган маҳсулотлар назоратини кучайтириш имконини бермоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарор ва фармонларига мувофиқ, марказий фитосанитария лабораторияси биносини мукаммал таъмирлаш ва «Довуд-ота» чегара божхона пости ҳудудида янги фитосанитария лабораториясини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу тадбирлар тадбиркорлар учун қулай шароит яратиб, фитосанитар хизматлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш белгиланди. Мазкур қарор асосида «Ўзбекистон Республикаси фитосанитария хизмати салоҳиятини ривожлантириш – ўсимликлар карантини чегара пунктларини такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида мамлакатимизда умумий қиймати 6,7 миллион АҚШ долларига тенг грант маблағлари ҳисобидан ўсимликлар карантини чегара пунктлари фаолиятини такомиллаштириш режалаштирилган эди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги фитосанитар лабораторияси бошлиғи Сулыўхан Мадреймова.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 декабрда Корея Республикасига амалга оширган расмий ташрифи доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланиб, ушбу ҳужжат икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳузуридаги марказий фитосанитар лабораториянинг моддий-техник базаси босқичма-босқич мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда ушбу лаборатория нафақат ҳудудий, балки республика миқёсида фитосанитар хизматларни халқаро стандартлар асосида амалга ошириш имкониятига эга бўлган муҳим марказлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Жанубий Кореянинг нуфузли KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан йўлга қўйилган бу ишлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фитосанитар назоратдан ўтказиш, турли зараркунандалар билан ва ўсимликлар касалликларини аниқлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида лаборатория янги замонавий ва юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Янги ускуналар фитосанитар таҳлиллар ўтказиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириб, карантин остидаги маҳсулотларда зарарли организмларни аниқлаш ва уларни халқаро стандартлар асосида баҳолаш имконини бермоқда. Бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга тайёрлаш жараёнида талаб этиладиган фитосанитар сертификатларни тез ва ишончли расмийлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, лаборатория салоҳиятини ошириш ходимларнинг касбий қобилиятини ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Шу мақсадда Жанубий Кореядан таклиф этилган юқори малакали мутахассислар томонидан фитосанитария ходимлари учун янги ускуналардан фойдаланиш ва халқаро диагностика методологияларига оид махсус ўқув-тренинглар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги махсус қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига қарашли марказий фитосанитария лабораторияси биносини капитал таъмирлаш белгиланган. Ҳозирги кунда ушбу объект бўйича смета ҳужжатлари тайёр бўлиб, қурилиш ташкилотини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПФ-57-сонли фармонига асосан, «Довуд-ота» чегара божхона пости ҳудудида ҳам товарларни фитосанитария назоратидан ўтказиш учун янги лаборатория ташкил этилмоқда. Ушбу лабораториянинг ишга туширилиши экспорт билан бир қаторда, импорт қилинаётган карантин остидаги маҳсулотларни ҳам ҳудуднинг ўзида экспертизадан ўтказиш имкониятини яратиб, тадбиркорлар учун қулай шароит яратиб, вақтни тежашни таъминлайди.

Марказий фитосанитария лабораторияси ва «Довуд-ота» чегара божхона пости ҳудудида ташкил этиладиган лабораториялар таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилади. Аккредитациядан сўнг ушбу лабораторияларда замонавий ускуналар ёрдамида халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган фитосанитар экспертизалар амалга оширилади.
Бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги