МИБ: 4 мингга яқин мурожаатлар ижобий ҳал қилинди

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мурожаатлар билан ишлаш шуъбаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ижобий ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида кўриб чиқилган 8 минг 386 та мурожаатларнинг 3 минг 800 таси ижобий ҳал қилинган.
Масалан, фуқаро Н.Г. собиқ турмуш ўртоғи қарийб 30 миллион сўм алимент пулларини тўламай келаётганлигини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президентига Ишонч телефони орқали 2025-йили 9-сентябрда мурожаат қолдирган.
Мурожаатни ўрганиш даврида, Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан мурожаатчи Н.Г.нинг фойдасига тарбиясидаги бир нафар фарзандининг таъминоти учун унинг собиқ турмуш ўртоғи М.Р.дан алимент ундириш белгиланганлиги, жавобгар алимент пулларини ўз вақтида тўламаганлиги оқибатида унинг қарзи деярли 30 миллион сўмни ташкил этиши аниқланган.
Шу сабабли, мазкур мурожаат алоҳида назоратга олиниб, юзага келган қарздорликни ундиришнинг барча қонуний чораларини кўриш кераклиги тўғрисида Мажбурий ижро бюроси Қўнғирот туман бўлимига кўрсатма берилган.
Шунинг натижасида 30 миллион сўм алимент пуллари жорий йилнинг 11-декабрь куни ундирилиб, пуллар мурожаатчининг банк пластик картасига ўтказиб берилган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги