Қуёш – туганмас энергия манбаи

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон филиалида муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзалликларини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Очиқ суҳбат ва пресс-тур ташкил этилди.
Унда иштирок этганлар Нукус шаҳридаги қатор ташкилотлар ва хонадонларда бўлиб, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланаётган фуқаролар билан суҳбатлашди.
Филиалнинг қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисоботини юритиш бўлими раҳбарлари республикамизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар билан таништирди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-57-сонли қарори асосида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон ҳудудий филиалига бугунги кунга қадар «Солиқ» мобил-иловаси орқали 13 335 хусусий хонадондан аризалар келиб тушган.
– Филиалимизга келган ушбу аризалар ўз вақтида ўрганиб чиқилиб, 11 599 та хонадоннинг 63,4 МВт қувватли қуёш панеллари учун ариза ва мурожаатлар тўлиқ қабул қилинди, – дейди филиалнинг қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Мадияр Смайлов. – Шу кунгача хусусий хўжаликлардан 47,4 млн кВт/соат электр энергияси тармоққа узатилиб, 30,8 млрд сўм субсидия тўлаб берилди. Жумладан, қуёш панелидан фойдаланаётган бир хонадон март-октябрь ойларида ўртача 400-500 минг сўм, ноябрь-февраль ойларида эса, ўртача 100-200 минг сўм фойда кўрмоқда.
Хўжалик юритувчи субъектлардан 2370 таси (ижтимоий муассасалар, давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари) 37,5 МВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатган бўлса, улар орқали тармоққа 13,2 млн кВт/соат электр энергияси етказиб берилди ва бунинг учун «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон ҳудудий филиали томонидан 10,6 млрд сўм тўлаб берилди.
– 2024 йилда ойига ўртача 38-40 минг киловатт электр сотиб олган бўлсак, 2025 йилда 100 киловаттлик қуёш панелини ўрнатганимиздан сўнг, умуман электр сотиб олмаймиз, – дейди «Сладкий мир Нурали» масъулияти чекланган жамияти раиси Рисолат Балтаева. – Бу эса маблағни тежаб, уни бошқа турдаги эҳтиёжларимиз учун сарфлаш имконини бермоқда.
– Бу йил 5 киловаттлик қуёш панелини қурдирган эдик, – дейди Жўвазчи маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси Мамажон Ўрозбоева. – Ёзи билан токка пул тўламай, аксинча ортганини электрсетга сотиб ўтирдик. Бу жуда яхши нарса экан. Уйимизда умуман ток ўчмайди, айниқса, болаларимизга яхши бўлди.

Тадбирда журналистларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.
Адилбай Оразов,Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси