Раҳбар ходимларнинг билимлари такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмалари асосида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг «Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш» кафедраси Германия халқаро техник ҳамкорлик жамияти (GIZ) миллий ваколатхонаси билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган таркибий тузилиш ва молиялаштириш трансформацияси тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) миллий ваколатхонаси билан ҳамкорликда, соҳанинг раҳбар ходимлари учун илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда икки турдаги интеграциялашган малака ошириш курслари дастурлари 2025 йилда ишлаб чиқилди. Жорий йилда режалаштирилган тўртта ўқув курсининг бир қисми Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) миллий ваколатхонаси молиявий кўмагида ўтказилмоқда.
Шу жумладан, 180 кредитлик «Соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш трансформацияси асослари» интеграцион умумий малака ошириш ўқув курси гибрид, яъни, кундузги + масофавий + кўчма тартибда ўтказилиши режалаштирилган. Дастурнинг пилот босқичида биринчи ўқув курси жорий йилнинг ноябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 30 нафар раҳбар ходимлари, даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, бош ҳисобчилари учун ўтказилмоқда.
Ўқув курсининг биринчи ҳафтаси давомида дарслар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг «Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш» кафедраси базасида ўтказилган бўлса, иккинчи-учинчи ўқув ҳафталарининг дарслари масофадан туриб ўтказилди. Тўртинчи ўқув ҳафтасининг дарслари эса, кўчма тартибда Нукус шаҳрида ўтказилмоқда.
Миллий соғлиқни сақлаш тизими, унинг таркиби ва молиялаштирилишини трансформациялашга оид модуллар бўйича дарслар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг «Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш» кафедрасининг профессор ва ўқитувчилари (профессорлар Д.Асадов, Х.Рустамова, Н.Нармухамедова, доцентлар Х.Асадов, В.Хакимов, А.Хамраев, Т.Арипов, ўқитувчилар С.Абдурахимова, Ш.Аббасханова) ўтган бўлса, халқаро тажрибага оид модуллар дарсларини Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) миллий ваколатхонаси томонидан жалб этилган халқаро (Олав Гойтс, Анна Кристин Хансер) ва миллий экспертлар (С.Салиев, Р.Азимов) олиб бормоқда.
Ўқувлар давомида тингловчилар томонидан ўзлаштирилаётган маълумотлар ва амалий кўникмалар бошқараётган муассасалар фаолиятини тизим трансформацияси тамойилларига мос равишда ташкил этишга амалий ёрдам беради.
Пилот худуд бўлган Қорақалпоғистон Республикаси учун ўтказилаётган ўқув дастури натижаларига бағишланган таҳлилда умумий режа жадвалга биноан республиканинг ўзга худудлари учун 2026 йилда ўтказиладиган ўқув дастурлари машғулотларининг бир қисмини Қорақалпоғистон Республикасида ўтказишни ташкиллаштириш масаласи таҳлили ҳам ўтказилди.

Шу билан бирга, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказинининг “Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш” кафедраси ходимлари В. Ҳакимов, А.Ҳамраев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М. Қурбанов ва Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори О.Халимов ўртасида 2025 йил 27 ноябрь куни ўтказилган музокараларда тизим учун бошқарув ходимларини тайёрлашни янги механизмларини жорий этиш масалалари таҳлили ўтказилиб, ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги