Трамп: Яширадиган сиримиз йўқ!

39

АҚШ Президенти Дональд Трамп илк бор Эпштейн файллари тўлиқ эълон қилинишини қўллаб-қувватлади. Бу аввалги, маълумотлар ошкор қилиниши чекланган ёндашувга нисбатан кескин бурилишдир.

Вакиллар палатаси шу ҳафта “Epstein Files Transparency Act” бўйича овоз беради. Қонун қабул қилинса, Адлия вазирлиги Жеффри Эпштейн билан боғлиқ барча махфий бўлмаган ҳужжатлар – ёзишма, банк алмашинуви, тергов материали, расмий хат ва 20 йил давомида йиғилган федерал маълумотларни оммага тақдим этиши шарт.

Мазкур файллар Эпштейннинг сиёсатчи, бизнесмен ва машҳур шахслар билан муносабати, шунингдек федерал тергов қандай юритилгани ҳақида хулоса бериши мумкин. Шунинг учун ҳам жараён жамоатчилик ва сиёсий майдон учун жуда муҳим.

Охирги ҳафталарда демократлар Эпштейн ва Гислайн Максвеллнинг Трамп ҳақида ёзишган хатларидан иборат бир неча электрон ёзишма матнини эълон қилди. Бунга жавобан республикачилар 20 000 саҳифалик ҳужжат тўпламини тарқатиб, асосий рақобатчиларини “танлаб олинган материаллар билан сиёсий нарратив яратяпти”, дея айблади.

Трампнинг қараши кескин ўзгариши — партия ичида юзага келган босим туфайли содир бўлди: 100 га яқин республикачи файлларни очиқлаш тарафдори эканини билдирмоқда. Қолаверса, Эпштейн қурбонлари ва уларнинг оилалари ҳам Конгрессга мурожаат қилиб, тўлиқ ошкоралик талаб қилмоқда. Айни ҳолат овоз бериш чоғида кучли ахлоқий босимни юзага келтиряпти.

Мусулмон Зиё, ЎзА