Кузги шудгор – мўл ҳосилнинг асоси

58

Кегейли тумани Обод овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Кегейли Оқ Олтин Агро Кластер» масъулияти чекланган жамиятининг экин майдонларида қишлоқ хўжалиги соҳаси учун муҳим бўлган кузги шудгор мавзусига бағишланган кўргазмали-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Нукус, Кегейли, Бўзатов, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари ҳокимлари, соҳа мутасаддилари, илғор фермерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов жорий йилда пахтадан мўл ҳосил етиштириб, белгиланган режани ортиғи билан бажарган туман пахтачилик кластерлари ва фермерларга миннатдорчилик билдириб, ерни ўз вақтида ва сифатли шудгорлаш, келгуси йилда мўл ҳосил олишнинг асоси эканлигини таъкидлади. Шунингдек, тадбирда Вазирлар Кенгаши Раиси томонидан кузги шудгорлаш ишларини самарали ташкил этиш, ерларни баҳорги экинларга тайёрлаш, оқар сув ва техник ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Тадбир давомида Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари Шуҳрат Тешаев ва бир қатор туман ҳокимлари сўзга чиқиб, кузги шудгорлаш ишларини белгиланган муддатларда ва агротехник талаблар асосида сифатли амалга оширишнинг самарали усуллари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Ўтказилган мазкур семинар нафақат амалий тажриба алмашиш, балки деҳқон ва фермерлар учун келгуси мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, ер унумдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди, – дейди Чимбой тумани ҳокими ўринбосари Ислом Қайипназаров.

Ўтказилган семинарга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси А. Жуманазаров иштирок этди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси