Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолият — барқарор ривожланиш гарови

70

Амударё туманида қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларини уйғун ривожлантириш, ҳудудларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва қишлоқ аҳолисининг бандлигини ошириш мақсадида “Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолият” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида тумандаги фаол фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари учун тажриба алмашиш ва илғор иш услубларини ўрганиш мақсадида “Бекман Аллаберганов” фермер хўжалигига амалий саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида иштирокчилар қишлоқ хўжалигидаги инновацион ёндашувлар, замонавий интенсив боғдорчилик ҳамда ресурс тежамкор технологиялар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Бекман Аллаберганов  фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Палванов соҳага салкам ўн йилдан бери меҳр қўйиб фаолият юритиб келаётган тадбиркорлардан бири саналади. Унинг таъкидлашича, жорий йил хўжалик учун муваффақиятли бўлган.

-Ҳозирги кунда 110 гектар ер майдонида 50 нафар доимий ишчи билан биргаликда пахта, ғалла, интенсив усулда парваришланаётган олма ва нок боғлари, шунингдек, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиряпмиз. Шу билан бирга, 800 миллион сўм миқдорида инвестиция йўналтириб, музлатгич омборхонаси ва янги интенсив боғ барпо этдик. Жорий йилда ғалладан 160 тонна ҳосил олдик. Бу эса жамоамизнинг тинимсиз меҳнати ва бирдамлигининг самарасидир, — дейди фермер Илҳом Палванов.

Бундай кўп тармоқли фаолият фермер хўжаликларининг барқарор ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши ва аҳолининг даромад манбалари кенгайишига хизмат қилмоқда. Шу каби лойиҳалар орқали ҳудудларда инновацион ёндашувлар амалиётга жорий этилиб, қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлиги янада ошмоқда.

                                                           Қорақалпоғистон ахборот агентлиги