Спорт синовлари – саломатлик йўлида ташланган энг тўғри қадам

58

Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш ва саломатликни мустаҳкамлаш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу мақсадда Амударё туманида «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларига старт берилди.

Тадбир туман ҳокимлиги, «Маҳалла» уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида ўтказилди. Унинг асосий мақсади – аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга бўлган қизиқишни ошириш ва жисмоний ҳолатни баҳолаш орқали соғломлик маданиятини юксалтириш.

Спорт синовларида 30 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар фаол иштирок этди. Улар югуриш, сакраш, букилиш, жисмоний мувозанатни сақлаш каби йўналишларда ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Ҳар бир иштирокчининг натижалари махсус мезонлар асосида баҳоланиб, уларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси аниқланди.

– Ушбу мусобақаларнинг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида саломатлик маданиятини шакллантиришдаги аҳамияти катта, – дейди иштирокчи М.Есбергенова. – Бугун югуриш мусобақаларида қатнашиб, янада кучга тўлдим, янги қувват олдим.

Тадбир якунида фаол иштирокчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Спорт мураббийлари ва соғлом турмуш тарзи тарғиботчилари томонидан аҳолига маслаҳатлар, жисмоний машқларни тўғри бажариш ва соғлом овқатланиш бўйича тавсиялар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги