ЮНЕСКО сессиясининг “юрaги”: Самарқандда ташкил этилган Матбуот марказидан репортаж

88

Шу кунларда дунё бўйлаб юзлаб журналистлар бир вақтнинг ўзида Самарқанд ҳақида ёзмоқда. Улар ёзган ҳар бир сатр, эфирга чиққан ҳар бир лавҳа орқали Ўзбекистоннинг довруғи дунёга ёйилмоқда.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Самарқандда ташкил этилган Матбуот маркази ҳақида шу каби фикрларни билдириш мумкин.

Сессия тадбирларини ёритишда дунё ва мамлакатимиздаги етакчи оммавий ахборот воситаларидан беш юздан ортиқ журналист иштирок этаётгани айтилмоқда.

Матбуот маркази нафақат техник қулайликлар, балки ахборот очиқлиги, шаффофлик ва халқаро мулоқот маданиятининг намойиши сифатида фаолият юритмоқда. Журналистлар учун юқори тезликдаги интернет, замонавий компьютерлар, жонли эфир студиялари, махсус тасвирга олиш ҳудудлари, таржимонлар гуруҳлари ташкил этилган.

Бундай инфратузилма ахборотнинг тез ва ишончли тарқалишини таъминлайди. Бу шунчаки қулайлик эмас, балки Ўзбекистоннинг очиқ дунёга қаратилган ахборот сиёсатининг амалдаги кўринишидир. Матбуот маркази орқали Самарқанддаги ҳар бир воқеа жаҳон ахборот майдонида ўз вақтида ва аниқ тарзда акс этмоқда.

Сессия арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус брифинг ўтказди. Бу нафақат тадбирнинг мазмунан бойлигини, балки ахборот алоқаларининг юқори даражада йўлга қўйилганини ҳам кўрсатди.

ЮНЕСКОнинг мазкур сессияси сўнгги 40 йил ичида илк бор Париждаги бош қароргоҳдан ташқарида ва биринчи марта Марказий Осиёда ўтказилаётгани билан тарихий аҳамият касб этади. 190 та давлат ва халқаро ташкилотлардан 2 минг 800 дан зиёд вакил, жумладан 70 га яқин юқори даражали шахс иштирок этаётган бу форум минтақанинг энг нуфузли халқаро анжуманларидан бирига айланди.

Матбуот марказидан узатилаётган ҳар бир хабар фақат шу воқелик ҳақида эмас, балки мамлакатимиз имижи ҳақида ҳам гапирмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ,

Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА мухбирлари