Қорақалпоғистонда пахтадан юксак хирмон яратилди

Қорақалпоғистон Республикаси пахтакорлари 2025 йил ҳосили учун давлатга пахта топшириш бўйича белгиланган режани тўлиқ бажариб, зафар қучдилар.
2025 йил ҳосили учун 80 минг гектар экин майдонига чигит экилиб, 315 минг 200 тонна ҳосилни йиғиштириб олиш белгиланган эди. Меҳнатсевар пахтакорларнинг фидокорона хизматлари туфайли режа 315 минг 345 тонна этиб бажарилди.
Бу натижага эришиш йўлида Амударё, Беруний, Элликқалъа, Тахиатош туманлари биринчилардан бўлиб, ўз режаларини бажаришди. Шундан сўнг, Нукус тумани, Қўнғирот, Қонликўл ва Қораўзак туманлари белгиланган маррани қўлга киритишди. Тахтакўпир, Шуманай ва Кегейли туманларининг пахтакорлари ҳам улкан хирмонга ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшишди.
Шуни ҳам алоҳида айтишимиз керакки, пахтадан мўл хирмон яратишда Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган – “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида олиб келинган 1000 дан ортиқ янги техникаларнинг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлди. Айниқса, пахта теришни механизациялаштириш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлган 60 дан ортиқ пахта териш машиналарининг дала майдонларида жавлон уриши ҳосилни йиғиб олишда пахтакорларга алоҳида куч-ғайрат бағишлади.
Бу ютуқ ҳар қандай об-ҳавода кечаю кундуз меҳнат қилиб, пахта далаларида жонбозлик кўрсатган Қорақалпоғистон Республикаси фермерлари, деҳқонлари, кластер корхоналари жамоалари, сувчилар, механизаторлар ҳамда барча қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси ходимларининг, қолаверса, ҳожатбарор халқимизнинг меҳнатлари самарасидир.
Албатта, бу кўтарилган юксак хирмон юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, ривожлантириш ҳамда янги қувватларни ишга туширишга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги