Ғалабалар сари босиб ўтилган йўл

112

Мамлакатимизда аҳоли ўртасида спорт ва жисмоний тарбияни оммалаштириш, ёш авлод учун соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида олиб борилаётган тизимли ишлар самарасида бугун бир қатор иқтидорли спортчилар вояга етмоқда.

Ана шундай ёшлардан бири қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, “Шуҳрат” ва “Жасорат” медаллари соҳиби Зайнаб Дайибековадир.

2002 йилнинг 19 ноябрь куни Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида туғилган Зайнабнинг спортга бўлган муҳаббати оиладаги соғлом муҳит ва ҳудудда яратилган спорт инфратузилмаси билан чамбарчас боғлиқ. У 13 ёшида қиличбозлик билан шуғулланишни бошлаб, биринчи мураббийи Даурбек Жиермуратов қўл остида илк маҳорат сирларини ўрганди.

Туман ва республика чемпионатларида муваффақиятли иштирок этган ёш спортчи 2016 йилдан миллий терма жамоа аъзосига айланди. Орадан кўп ўтмай, у Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида мамлакатимиз тарихидаги илк бронза медалини қўлга киритди. Бу натижа Зайнабнинг ҳаётида янги босқич бўлиб, унинг меҳнати давлат томонидан ҳам эътироф этилди — Президент томонидан “Nexia-3” русумли автомашина билан тақдирланди.

2018-2019 йилларда у қатор нуфузли мусобақаларда олтин ва бронза медалларини қўлга киритди. Хусусан, 2019 йилги Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди, Жаҳон кубогида эса яккалик йўналишда олтин, жамоавий баҳсларда бронза медалига сазовор бўлди.

2021 йилда Зайнаб Дайибекова Токио Олимпиадасида қатнашди. Унинг бу йирик мусобақадаги иштирокини давлатимиз раҳбари юқори баҳолаб, уни “Шуҳрат” ва “Жасорат” медаллари, ҳамда “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирлади.

2023 йилда Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX ёзги Осиё ўйинларида у Ўзбекистон байроқдори сифатида майдонга чиқди. Сабля йўналишида яккалик баҳсларда бронза, жамоавий баҳсларда эса олтин медални қўлга киритиб, миллий терма жамоа тарихидаги муҳим натижалардан бирини қайд этди.

Зайнаб Дайибекова учун сўнгги икки йил ҳам ютуқларга бой бўлди.

2024 йил февраль ойида Перунинг Лима шаҳрида бўлиб ўтган катталар ўртасидаги жаҳон кубогида у бронза медалини қўлга киритди. Ушбу натижа билан спортчи “Париж–2024” Олимпия ўйинларига рейтинг орқали тўғридан-тўғри лицензияга эга бўлди.

2025 йил январь ойида Тунисда бўлиб ўтган Гран-при мусобақасида дунёнинг энг кучли 8 қиличбоз қизлари қаторига кирди. Шу йил июнь ойида Бали (Индонезия)даги Осиё чемпионатида бронза медали билан тақдирланди. Сентябрь ойида эса Белгиянинг Гент шаҳрида ўтган “Flemish Open” халқаро турнирида яна бир бор бронза медалига сазовор бўлди.

– Июль ойигача бўлган мавсум мен кутган натижалар билан тугамади, – дейди Зайнаб Дайибекова. – Аммо сентябрь ойидан бошланган янги мусобақа мавсуми омадли бошланди. Белгиядаги турнирда қўлга киритилган бронза медали бошланиши. Олдинда жаҳон кубоклари, Гран-при босқичлари ва Ислом бирдамлиги ўйинлари каби муҳим мусобақалар турибди. Ҳозирда айнан шу мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўряпман.

Зайнаб Дайибекова каби жасур спортчиларимизнинг ғалабалари Ватанимиз шарафини улуғлаш билан бирга, ёш авлод учун намуна бўлиб, мамлакатимизда спорт соҳасининг юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА