Марафон – соғлом ҳаёт сари қадам

100

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси Қорақалпоғистон бўлими,  Uzbekneftegaz  ва ProRun ташкилотлари ҳомийлигида «NUKUS Half Marathon» югуриш марафони ва югуриш бўйича Қорақалпоғистон чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан спортчилар қатнашиб, 5 ва 21 км масофага югуриш бўйича ўзаро беллашди.

Кескин ўтган мусобақа якунида, 5 км масофага қизлар ўртасида ўтказилган беллашувда Маржона Сайдуллаева биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Мухайё Маҳаммаджонова ва Динора Озодовалар кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида ўтказилган мусобақада Беҳруз Шавкатов мусобақага биринчи бўлиб етиб келган бўлса, Воҳид Искандаров ва Шоҳжаҳон Хайруллаевларга иккинчи ва учинчи ўринлар насиб этди.

21 км масофага югуриш мусобақаси ҳам жуда қизиқарли ўтди, унда қизлар ўртасида 1 соат 16 дақиқа 28 сония натижа кўрсатган Садафбону Нусратиллоева олтин, 1 соат 16 дақиқа 46 сония натижага эришган Шохсанам Хурамова кумуш ва 1 соат 26 дақиқа 37 сония натижа билан Сабринабону Комилова бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида эса Бекзод Бойматов биринчи, Руслан Хўжаев иккинчи ва Ҳасан Садритдиновлар учинчи ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.

Югуриш бўйича ўтказилган Қорақалпоғистон чемпионатида қизлар ўртасида Эжемия Базарбаева олтин, Рамила Наврўзбаева кумуш ва Шахсанам Арзекева бронза медалга лойиқ деб топилди.

Эркаклар ўртасида 1 соат 9 дақиқа 59 сония натижа кўрсатган Рашидбек Искандаров биринчи, 1 соат 16 дақиқа 28 сония кўрсаткичга эга Йўлдошбой Сатимбоев иккинчи, 1 соат 16 дақиқа 28 сонияда пойгага етиб келган Қувват Абдимуратов учинчи ўринни қўлга киритди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибаев барча иштирокчиларни мусобақада иштирок этгани билан табриклаб, ғолибларни ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, медаль, пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Адилбай Оразов, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси