Параспортчилар голбол бўйича беллашди

Нукус шаҳридаги 10-сонли «Нурлы макан» кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида болалар ва катталар ўртасида спортнинг голбол тури бўйича Қорақалпоғистон Республикаси чемпионати бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга эътибор қаратди. Улар зарур билим ва касб-ҳунарни эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилганини таъкидлади.
Мусобақада республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан келган кўзи ожиз параспортчилар иштирок этди. Қизиқарли кечган беллашув якунида «Ересеклер» жамоаси биринчи, «Универ» жамоаси иккинчи, «Нурлы макан» жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

– Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ташкил этилди, – дейди голбол спорт тури бўйича катта мураббий Барзу Қилибоев. – Мақсад республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида яшовчи ногиронлиги бўлган шахсларни адаптив спортнинг барча йўналишларига қамраб олиш орқали жисмоний реабилитация қилишдир.
Мусобақа якунида барча спортчилар ҳомийлар томонидан муносиб тақдирланди.


Маълумот: Голбол – бу кўриш қобилияти паст бўлган спортчилар учун мўлжалланган жамоавий спорт тури. Иштирокчилар уч кишилик жамоаларда беллашади ва ичига қўнғироқлар солинган тўпни рақиб жамоа дарвозасига туширишга ҳаракат қилади. Тўп фақат қўл билан ташланади. Паралимпия спорт турига киради.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги