Иситиш қозонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Юртимизда хусусий секторни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Бу борада яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз ишини кичик устахонадан бошлаб, бугун замонавий ишлаб чиқариш корхонасига асос солаётган тадбиркорлар сони ортаяпти. Улар орасида “Amu metal-kovka art” МЧЖ раҳбари Жасурбек Бобожоновнинг фаолияти эътиборга лойиқ намуна сифатида қайд этилмоқда.
Бугунги кунда ушбу хусусий корхона нафақат маҳаллий бозорда, балки бутун ҳудудда талаб юқори бўлган “Amu teplo” иситиш қозонларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бу ускуналар ўзининг энергия тежамкорлиги, ишончлилиги ва самарадорлиги билан ажралиб туради. Хусусан, битта хонадон ёки иссиқхонани атиги 30–50 кг кўмир билан бир сутка давомида иситиш мумкин.
Корхона фаолияти темир эшик ва дарвозалар, миллий услубдаги декоратив буюмларни ишлаб чиқаришни ҳам қамраб олган. Айни пайтда корхонада 10 нафар доимий ходим, бир нечта мавсумий ишчи ҳамда бир гуруҳ шогирдлар меҳнат қилмоқда.

Жасурбек Бобожонов ўз фаолиятини оддий устахонада, отасининг ёнида ишчи сифатида бошлаган. Бугун эса у замонавий технологияларга асосланган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхона раҳбари сифатида танилмоқда. Унинг ташаббуси туфайли нафақат ўз оиласи, балки маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожига катта ҳисса қўшилмоқда.
Амалга оширилаётган бу каби лойиҳалардан маълумки, тинмас меҳнат ва изланиш туфайли ҳатто чекка ҳудудларда ҳам иқтисодий ўсишга эришиш мумкин. Жасурбек Бобожоновнинг намунавий фаолияти эса, шубҳасиз, бошқа тадбиркорлар учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги