Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 35,3 триллион сўмга етган

167

Бугун ҳаётимиз, фаолиятимизни алоқа воситаларисиз, ахборотларсиз тасаввур қилиш мушкул. Ҳар бир соҳа ва тармоқда алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг ўрни ортиб бормоқда. Хоҳ тиббиёт бўлсин, хоҳ таълим, хоҳ молия-иқтисод ёки ишлаб чиқариш тармоғи бўлсин, барчасида компьютер технологиялари, алоқа хизматларидан кенг ва самарали фойдаланилмоқда. Бу эса, албатта, соҳалар равнақига хизмат қилиши баробарида аҳолига қулайликлар яратади, тезкорликни оширади.

Шу боис ҳам мамлакатимизда ахборотлаштириш ва компьютер дастурлаштириш хизматларини жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу йўналишда муайян ҳуқуқий асослар яратилиб, дастурий вазифалар белгиланган.

Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида республикамизда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 35,3 триллион сўмга етган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,1 фоиз ўсишни қайд этди.

Алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг умумий ҳажмида энг катта улуш компьютер дастурлаштириш хизматларига тўғри келиб, 40,7 фоизни ташкил этади. Ушбу хизмат тури 28,4 фоизга ўсган.

Демак, ушбу рақамлардан ҳам кўринадики, юртимизда ахборотлаштириш хизматлари йилдан-йилга кенгайиб, ўсиб бормоқда. Зеро, ушбу соҳа кундалик фаолиятимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган муҳим тармоқдир.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА