Пойтахтимизда жаҳон спорт аренасига йўл очадиган мактаб қурилмоқда

Сўнгги йилларда ўзининг машҳур спортчилари билан бутун дунёга танилиб келаётган Ўзбекистонда барча спорт турлари каби, гимнастика ҳам тез суръатлар билан ривожланмоқда.
Жумладан, 8 маротаба Олимпия ўйинларида иштирок этиб, Гиннес рекордлар китобига кирган орамиздаги афсонавий спортчи, Олимпия чемпиони Оксана Чусовитина, Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳибалари Екатерина Хилко ва Антон Фокин, ҳамюртимиз Олимпия ўйинлари иштирокчиси Шаҳзода Ибрагимоваларнинг қўлга киритаётган ютуқлари ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг гимнастикага бўлган қизиқишини оширмоқда.
Айниқса, бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ёшларимизга яратилаётган қулай имконият ва шароитлар муҳим ўрин тутмоқда.
-Ҳурматли Президентимиз томонидан халқимиз орасида гимнастика спорт турларини кенг жорий этиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш тизимини такомиллаштириш, халқаро талаб ва стандарт асосида профессионал спортчиларни тайёрлаш орқали миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишини таъминлаш мақсадида, 2022 йилнинг 23 декабрдаги «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тарихий қарори барча спорт мухлисларини қувонтиради,-дейди Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлигига қарашли Республика гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби директори Улуғбек Жуманиязов.-Ушбу қарор асосида, Самарқанд ва Фарғона шаҳарлари билан бир қаторда, пойтахтимиз Нукус шаҳрида ҳам барча қулай шароитларга эга замонавий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш маркази қурилмоқда.
– Қурилиш ишларини ўтган йили бошлаган эдик, – дейди «Инвест строй Нукус» масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Тилепбай Бабаков. Насиб этса, қурилиш ишларини тез кунлар ичида, сифатли якунлаб, янги ўқув йилига фойдаланишга топширамиз.

– Шу кунга қадар республикамизнинг чекка ҳудудларида яшовчи ёшларнинг гимнастика билан профессионал тарзда шуғулланиши учун имкониятлар кам эди, – дея ўз сўзини давом эттирди Улуғбек Жуманиязов. Ўқувчиларимиз марказга яқин жойлашган мактабда таълим олиб, Гимнастика марказида профессионал мураббийлар қўл остида машғулотлар олиб боради. Улар бу ерда ётиб ўқиши учун махсус ётоқхона ва ошхоналар билан таъминланади. Ҳозирги вақтда республикамиздан 17 нафар ёш гимнастикачилар Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳисобланади. Улар нафақат мамлакат биринчиликларида, балки халқаро мусобақаларда ҳам ғолибликни қўлга киритмоқда. Эндиликда янги Гимнастика спорт турларига тайёрлаш маркази фойдаланишга топширилса, улар орасидан Осиё ва Олимпия ўйинлари ғолиблари етишиб чиқади, деб ўйлаймиз.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори асосида Нукус шаҳрида барпо этилаётган Гимнастика спорт турларига тайёрлаш маркази келгусида ёшларимиз учун таълим-тарбия ўчоғи бўлиш билан бирга, жаҳон спорт майдонига йўл очадиган табаррук маскан бўлишига қатъий ишонамиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси