Оқ қуш мажмуасида халқаро инвестиция форуми ўтказилди

220

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида «Тошкент халқаро инвестиция форуми» бўлиб ўтган эди.

Форум доирасида ўтказилган сессияда Президентимиз ёрдамчиси Саида Мирзиёева инвесторларни Қорақалпоғистон ҳудудига келиб, республиканинг улкан салоҳиятини ўз кўзлари билан кўриш ва кенг имкониятлар кўламини баҳолашга таклиф этди.

Нукус шаҳридаги Оқ Қуш мажмуасида ушбу форумнинг давоми сифатида Қорақалпоғистоннинг инвестиция салоҳиятини тақдим этишга бағишланган халқаро инвестиция форуми ўтказилди.

Форумда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида яратилган имкониятлар ҳақида кенг маъруза қилди.

Ўтказилган форумда республикамизнинг инвестициявий жозибадорлиги, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мавжуд имкониятлар, ресурслар салоҳияти ва бошқа муҳим йўналишлар ҳақида кенг тушунчалар берилди.

Шунингдек, ўтказилган форум доирасида мажмуа ҳудудида ташкил этилган махсус павильонда Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

– Форум мамлакатимизда мавжуд имкониятларни муҳокама қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзига хос майдонга айланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акмал Камалов.

Шундан сўнг форум иштирокчилари «QORAQALPOQ BASALTWOOL» корхонаси, шунингдек, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бўлиб, республикамизнинг саноат, туризм йўналишларидаги имкониятлари билан яқиндан танишди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги