Таълим сифатини ошириш устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

261

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Таълим соҳасини ривожлантириш, унинг сифатини ошириш устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишда вакиллик органларининг роли” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Қўмита аъзолари ва экспертлар, Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ходимлари, маҳаллий Кенгашларнинг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари, котибият мудирлари, ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқарув бўлинмалари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколат ва функцияларига вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида ҳар чоракда эшитиб бориш киритилган.

Семинарда мазкур ҳисоботларни эшитишда ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларидан бири таълим сифатини ошириш устидан депутатлик назоратини амалга оширишда маҳаллий Кенгаш депутатларининг қайси жиҳатларга эътибор қаратиши юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

Хусусан, маҳаллий Кенгашларнинг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича доимий комиссиялари томонидан ҳудуддаги таълим муассасаларидаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни ҳал этишга, шу жумладан таълим сифатини оширишга, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, педагог ходимларининг малакасини оширишга ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, семинарда маҳаллий Кенгаш депутатларига Сенатга келиб тушган фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига тааллуқли қонунларни муҳокама қилиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш юзасидан сенаторлар томонидан таклиф ва тавсиялар берилди.