Чигирткаларга қарши кураш кўникмалари шакллантирилмоқда

Бўзатов туманида «Зарарли чигирткаларга қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олиш» мавзусида махсус-тактик ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Бўзатов тумани ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Тадбир икки босқичда ўтказилиб, назарий ва амалий қисмлардан иборат бўлди.
Биринчи босқичда зарарли чигирткаларнинг тарқалиш ҳолати ва ўтказиладиган профилактик тадбирлар, зарарли чигирткаларга қарши курашишда қўлланиладиган препаратлар билан одамлар ёки ҳайвонлар заҳарланганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари, зарарли чигирткаларга қарши комплекс тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.





Иккинчи босқичда эса зарарли чигирткаларга қарши амалий машғулотлар олиб борилди.






Қорақалпоғистон Республикасида зарарли чигирткаларнинг ривожланиши ва тарқалишига қулай 3 миллион гектардан ортиқ ер майдони бўлиб, ўтган йилги кузги кузатув натижаларига кўра 112 минг гектар ер майдонида зарарли чигирткалар томонидан тухум қўйилгани аниқланди.
Маълумот учун, 2024 йил якуни бўйича 94 минг 200 гектар майдонда зарарли чигиртка ўчоқларига қарши кимёвий ишлов ишлари ўтказилган. Бу йилги кимёвий қайта ишлаш ишлари республика ҳудудида тарқалиш вақтини ҳисобга олиб, май ойидан бошланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги