Энергетика вазирлиги давлат дастури ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда

285

Энергетика вазирлигида ўтказилган йиғилиш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросига бағишланди.

Йиғилишда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, соҳадаги йирик ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирок этди. Унда ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, “яшил” энергетика манбаларини кенгайтириш ва саноат корхоналарида экологик талабларга риоя этиш муҳим устувор вазифалар ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, тадбирда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ишлаб чиқариш объектлари атрофида мевали ва манзарали дарахтлар экиш, атмосферага зарарли моддалар чиқишининг олдини олиш учун замонавий фильтрлар ўрнатиш ишларини жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Давлат дастурини самарали амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш, масъулларни белгилаш ва доимий мониторинг ўрнатиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқликни таъминлаш мақсадида қўшимча механизмлар ишлаб чиқилди.

Йиғилиш якунида ҳар бир вазифа бўйича масъуллар белгиланиб, ҳисобот тақдим этиш муддатлари аниқлаштирилди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА