Хайр ва саховат инсонни улуғлаб, ҳар икки дунёда ҳам ажру савобга сазовор этиши ҳақида кўплаб ҳадислар, мақоллар ва ривоятлар бор. Ислом динида мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири хайр ва саховат эканига ишора қилинади.

Аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириш, уларга ҳар томонлама, манзилли кўмак кўрсатиш мақсадида йирик ижтимоий дастурлар – “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” тизимлари яратилди. Ўтган вақт давомида биргина “Темир дафтар” орқали маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда секторлар томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳисобга олиниб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўрганилди. Шу билан бирга, аҳолини камбағалликдан чиқариш, улар билан манзилли ва мақсадли иш олиб боришга доир муҳим қадамлар қўйилди.

Бунда амударёлик саховатпеша тадбиркорлар ҳам ўрнак олмоқда. Шундай сахий ишбилармонлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманининг Дўрман овулида фермер хўжалигини ташкил қилиб, ердан мўл ҳосил ва даромад олаётган Улуғбек Ўрозбоев туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига ташаббус билан мурожаат қилди. Фермер хўжалиги далаларида етиштирилган буғдойнинг бир қисми – 10 тоннаси эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.

Жорий йил 24 сентябрь куни туманнинг барча овул ва маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган 200 та оиланинг вакиллари туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига таклиф қилинди. Уларнинг ҳар бирига фермернинг ҳисобидан бир қоп – 50 килограммдан буғдой тарқатилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА