Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш бўйича Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Шу билан бирга, республикамиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни ўз вақтида зарур ихтисосликлар бўйича иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш, олий таълим мазмунини бевосита корхоналар, муассасалардаги техника, технология, ишлаб чиқариш муносабатларига ҳамда истиқболли ривожланиш дастурларига мувофиқ шакллантириш, кадрларни эгаллаган касби ва мутахасcислиги бўйича ишга жойлаштиришга доир қатор долзарб масалалар тўлиқ ечимини топмаган.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича қўмитаси (UNESCO) ва консалтинг ташкилоти (DGP Research & Consulting) ҳамкорлигида жалб қилинган нуфузли хорижий экспертлар гуруҳи томонидан 2017 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси таълим тизимини комплекс ўрганиш бўйича ўтказилган таҳлиллар натижалари асосида берилган хулосаларда олий таълим жараёнида назария ва амалиёт яхлитлиги таъминланмаганлиги, талабаларнинг малакавий амалиётларини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказиш самарали ташкил этилмагани оқибатида битирувчиларнинг аксарият қисми тайёр мутахассис бўлиб чиқиш ўрнига, ишга жойлашгандан кейин қайтадан ўз касбини, мутахассислигини ўрганаётганлиги, шунингдек, таълим сифатини назорат қилиш механизми замонавий талабларга жавоб бермаслиги, таълим муассасаларида малакали педагог ва бошқарув кадрларининг етишмаслиги, хорижий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмаганлиги каби камчиликлар қайд этилган.
Бундан ташқари, иқтисодиёт соҳаларининг истиқболда кадрлар тайёрлашга буюртмаларини шакллантириш, битирувчиларга қўйиладиган малакавий талабларни ишлаб чиқиш, тармоққа зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш сифатини таъминлаш жараёнидаги иштироки талабга жавоб бермайди. Олий таълим дастурларининг ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига ҳамоҳанглигини таъминлаш учун иш берувчилар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмаяпти.
Олий таълим – илм-фан – ишлаб чиқариш ўртасида узилишлар мавжуд, интеграция таъминланмаган. Илмий-тадқиқот институтлари олий таълимда кадрлар тайёрлаш жараёнига зарур даражада жалб этилмаган, уларда илмий изланишлар иқтисодиёт соҳаларининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқмасдан амалга оширилмоқда. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларнинг тизимли тайёрланмаслиги олий таълим муассасалари илмий салоҳиятининг пасайишига олиб келмоқда.
Хорижий экспертлар гуруҳи томонидан таклиф этилган тавсияларни инобатга олган ҳолда олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш орқали республика олий таълим тизимида юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг мазмунини мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти истиқболлари, жамият эҳтиёжлари, илм-фан, маданият, техника ва технологияларнинг замонавий ютуқларидан келиб чиққан ҳолда тубдан такомиллаштириш мақсадида:
1. Қайд этилсинки, Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5121-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 515-сон қарори қабул қилинди.
2. Иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларини олий таълим тизимидаги кадрлар тайёрлаш жараёнига кенг жалб этиш, уларнинг таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун республика олий таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Бош вазирнинг ўринбосарлари – комплекс раҳбарлари, мутасадди раҳбарларга тармоқ(соҳа)лар бўйича тегишлигига кўра 1-иловага мувофиқ бириктирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари раҳбарлари, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари қуйидаги асосий вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирларини кўрсинлар:
бир ой муддатда кадрлар буюртмачилари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш мазмуни, битирувчиларнинг билим ва кўникмасига қўйиладиган талабларни мужассамлаштирувчи олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг малакавий талаблари, ўқув режалари ва дастурларини соҳа эҳтиёжидан келиб чиқиб, янгидан ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларининг мутахассислар тайёрлаш сифатига бўлган талабларини бевосита таълим мазмунини шакллантириш билан шуғулланадиган олий таълим муассасалари профиль кафедраларининг профессор-ўқитувчилари томонидан тизимли ўрганиб борилишини ташкил этиш мақсадида стажировкалар жорий қилиш;
жорий йилнинг 1 сентябригача ривожланган хорижий давлатларнинг энг илғор тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда ўқув режалари ва фан дастурлари, ўқув адабиётлари, шу жумладан, ўқув-методик комплексларининг халқаро стандартлар асосида замонавий, мутлақо янги талаблар асосида ишлаб чиқилиши ва босқичма-босқич жорий этилишини ташкил қилиш;
олти ой муддатда комплекслар таркибидаги вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли тармоқ (соҳа) ҳамда ҳудудларнинг жорий ва истиқболли ривожланиш дастурларини ҳисобга олиб, олий малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни йиллар кесимида аниқ манзилли, касб ва таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларини кўрсатган ҳолда, аниқ баланс берадиган ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқиш;
олий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишлари бўйича ҳар бир талабасининг 2-курсдан бошлаб тегишли тармоқ (соҳа)нинг муайян ташкилотлари ва корхоналарида малакавий амалиётлари тизимли равишда ўтказилишини, шунингдек, уларнинг амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқаришда ташкиллаштириш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш;
ишлаб чиқариш, илм-фан ва таълим ўртасида интеграцияни чуқурлаштириш учун комплекслар таркибидаги вазирликлар ва идораларга қарашли тармоқлар (соҳалар)ни илмий-техник ривожлантириш йўналишлари муаммоларига бағишланган мавзулар базасини шакллантириш ҳамда бу муаммоларни олий таълим муассасалари билан хўжалик шартномалари тузган ҳолда ҳал этишга уларнинг илмий салоҳиятини, айниқса, ёш олимлар ва тадқиқотчиларни тизимли тарзда жалб этиш;
иқтидорли ёш педагоглар ва докторантларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тажриба орттиришга юбориш, улар учун махсус стипендиялар таъсис этиш, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талабаларининг халқаро тажриба алмашинувларини ташкил этиш орқали илмий ва педагогик салоҳиятини ошириш;
ўқитишнинг замонавий шакллари ва методларини, компьютер ва ахборот-коммуникация технологияларини таълим жараёнига жорий этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув-лаборатория анжомлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, олий таълим муассасаларининг замонавий илмий лабораторияларини ташкил этиш ва ривожлантириш чораларини кўриш;
ҳар ойда Комплекс раҳбари, тегишли вазирлик ва идора раҳбари бириктирилган ҳар бир олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан тармоққа (соҳага) оид янгиликлар, ривожлантириш истиқболлари, таълим мазмунини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш юзасидан учрашувлар ўтказиб бориш.
4. Қуйидагилар:
Олий таълим муассасаларида таълим сифатини таъминлаш борасида ўқув йили давомида амалга ошириладиган ҳаракатларнинг намунавий режаси (Йўл харитаси) 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари таркибидаги вазирликлар ва идораларнинг олий маълумотли кадрлар тайёрлаш юзасидан буюртмаларни шакллантириш, тасарруфидаги олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан яхшилаш ҳамда тизимдаги корхоналар ва ташкилотларда талабалар амалиётларини ўтказиш, илмий ишларни ҳамкорликда бажариш, олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга қуйидаги вазифалар юклансин:
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир олий таълим муассасасида барча курсларда камида 2 та гуруҳда мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитишни босқичма-босқич ташкил этиш, инглиз тилида дарс ўтадиган профессор-ўқитувчиларни мақсадли тайёрлаш, уларнинг хорижда тегишли тайёргарликдан ўтишини ташкил этиш, шунингдек, ўқув машғулотларини олиб боришга хорижий мутахассисларни жалб қилиш, машғулотларни ривожланган давлатлар олий таълим муассасаларида бугунги кунда фойдаланилаётган замонавий ўқув адабиётлари асосида ўтилишини йўлга қўйиш;
истиқболли илмий-педагогик кадрларни, биринчи навбатда, муҳандислик-техника ва архитектура таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари педагогларининг ривожланган давлатлар, хусусан, Жанубий Корея, Япония ва Германияда 2-3 ойлик курсларда ўзаро ҳамкорлик бўйича тузилган шартномалар, ҳомийлик ва халқаро ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малакасини ошириш, стажировка ўташ ва таълим олишини ташкиллаштириш “Истеъдод” жамғармаси орқали мутахассислиги бўйича янги билимларни эгаллашга йўналтирилган малака оширишларини ташкил этиш, олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига етакчи хорижий мутахассисларни мунтазам равишда жалб этиш;
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб магистратурада кадрлар тайёрлаш тизимини танқидий таҳлил қилиш, магистратура таълими жараёнининг барча босқичларини такомиллаштириш, уларни замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш чораларини кўриш;
докторантлар, магистратура талабаларини корхона (муассаса)ларнинг муаммоли масалаларига бағишланган диссертация мавзулари устида ишлашини, шунингдек, тажриба-синовларни корхона (муассаса)ларда ўтказиш, амалиётга татбиқ этилган ишлар муаллифлари бўлган ҳамда ихтирочилик патентини қўлга киритган докторант ва магистрларни ўқитувчи лавозими бўйича ойлик иш ҳақи миқдорининг 10 баробаригача корхона ва ташкилотлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш чораларини кўриш;
икки ой муддатда республика олий таълим муассасаларининг ҳар йилги рейтингини аниқлаш бўйича миллий тизимни такомиллаштириш, бунда асосий устувор кўрсаткич сифатида олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорида талабгорлиги ва профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича тузилган шартномалар асосида ишлаб топилган молиявий маблағларнинг салмоғига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, миллий рейтинг тизимида юқори кўрсаткичларни қайд этган олий таълим муассасаларига ўқув жараёнининг алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ваколатини бериш орқали академик эркинлик босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш юзасидан таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари кафедраларининг мақомини кўтариш, бунда уларнинг таълим сифатини ошириш бўйича масъулиятини кучайтириш, кафедра ва профессор-ўқитувчилар томонидан юритиладиган турли статистик ва бошқа ҳисоботлар сонини оптималлаштириш орқали уларни тайёрлаш жараёнларини электрон форматга ўтказиш чораларини кўриш.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда докторантларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишига моддий шарт-шароитлар яратиш мақсадида уларнинг стипендиясининг 50 фоизигача моддий рағбатлантирилиши ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилишини, докторантура битирувчилари олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларига йўлланма асосида юборилишини, уларнинг меҳнат фаолиятини рағбатлантириш учун базавий докторантуранинг 2-курсидан имтиёзли ипотека кредитини 25 йил муддатга ажратиш механизми жорий этилишини назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
7. Олий таълим муассасаларига бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари икки ой муддатда:
тегишли вазирликлар ва идоралар ҳузурида олий таълим муассасаларида ўқув-мeтoдик раҳбарликни амалга oшириш, шу жумладан, ўқув рeжалари ва дастурларини такoмиллаштириш, таълим сифатини ошириш, илмий ишларнинг самарали oлиб бoрилишини ташкил қилиш каби вазифаларни амалга ошириш учун oлий таълим муассасалари раҳбарлари, сoҳанинг етук мутаxассислари, профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибдаги Мувофиқлаштирувчи кенгашларини ташкил этсин;
Ўзбeкистoн Рeспубликаси Прeзидeнтининг 2017 йил 20 апрeлдаги “Oлий таълим тизимини янада ривожлантириш чoра-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб бириктирилган ҳар бир олий таълим муассасасини 2030 йилгача бўлган даврда ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, қарорда олий таълим муассасаси бўйича белгиланган парамeтрларни сўзсиз бажариш, шу жумладан, илмий-пeдагoгик кадрларни тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларни xoрижий таълим муассасаларига малака oшириш ва стажирoвкага, иқтидорли битирувчиларни магистратура ва дoктoрантурага юбoриш, шунингдeк, ўқув лабoратoрия базасини янгилаш бўйича белгиланган топшириқларнинг бажарилишини ҳар чорак якуни бўйича мунтазам муҳокама қилиб боришни йўлга қўйсин;
2021 йилгача бириктирилган олий таълим муассасаларидан камида биттасининг нуфузли халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилишини (рейтинг рўйхатида эълон қилинишини) таъминлаш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.
8. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги биргаликда тўрт ой муддатда:
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида магистратура босқичида таълим муассасаларининг бошқаруви мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;
педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишда абитуриентларни кириш тест синовлари билан бир қаторда уларнинг касбий лаёқатини аниқлаш бўйича ижодий суҳбат ўтказиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш;
ҳудудларнинг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида педагогика таълим йўналишларига давлат грантлари асосидаги қабул квоталари улушини ошириш орқали мақсадли қабулни ташкил этиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифалари топширилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда:
ўқув-методик ва моддий-техника базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган, олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган академик лицейларни тугатиш, академик лицейларни фақат юқори илмий ва педагогик салоҳиятга эга олий таълим муассасалари таркибида биттадан қолдириш;
ўз фаолиятини давом эттирадиган академик лицейларга умумтаълим мактабларини битирган энг билимли, қобилиятли ёшларни қабул қилиш механизмини ишлаб чиқиш ва 2018/2019 ўқув йилидан жорий қилиш;
академик лицейларда ўқитиш сифатини тубдан ўзгартириш, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини кескин ошириш, бунда олий таълим муассасалари ректорларининг шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича таклиф тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги педагог ва раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларида дарс берадиган педагоглар, жалб этилган мутахассисларнинг фаолиятини таҳлил қилиш асосида самарали дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, мутахассисларни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази билан биргаликда:
профессор-ўқитувчилар томонидан талабалар билан олиб бориладиган маънавий-маърифий ишларни ҳар бир муайян талаба билан олиб бориш, уларда мафкуравий иммунитетни оширишнинг таъсирчан чораларини кўриш юзасидан услубий асосларни яратсин;
талаба-ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларда юксак ахлоқий сифатларни тарбиялаш, уларнинг касбий компетентлиги билан инсоний фазилатларини уйғунлаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг тарбиявий масъулиятини ошириш, таълим ва тарбия уйғунлигини амалда таъминлаш учун фанларнинг ҳар бир мавзусидаги тарбиявий мақсаддан унумли фойдаланилишини таъминлаш механизмларини икки ой муддатда ишлаб чиқсин;
бугунги кунда ёшлар тарбияси ўта долзарб масала эканини инобатга олиб, олий таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорларнинг функционал вазифаларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг даврий малакасини ошириш чораларини ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда уч ой муддатда:
олий таълим муассасаси учун психолог ва ҳар бир талабалар турар жойи учун тарбиячи-педагог штатини жорий этиш;
меҳнатга ҳақ тўлаш разряди бўйича олий таълим муассасалари маънавият ва маърифат бўлими бошлиғининг лавозим разрядини 16-разрядга, бўлим ходимларининг лавозим разрядини 14-разрядга кўтариш;
олий таълим муассасалари гуруҳ мураббийларининг фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини янада ошириш, уларнинг доимий рағбатлантириб борилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир гуруҳ мураббийига (жумладан, мураббийлар кенгаши раҳбарларига) ойлик маошининг 25 фоизигача миқдорда устама ҳақ тўланишини таъминлаш;
ҳар ўқув йилида маънавий-маърифий ишларни молиялаштириш мақсадида таълим муассасаси харажатлари сметасининг камида 5 фоизини юқорида назарда тутилган харажатлар учун ажратиш чораларини кўрсин. Ушбу маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан шахсий масъулият олий таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори зиммасига юкланиши белгилаб қўйилсин.
12. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Марказий банк, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига биргаликда уч ой муддатда таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, жамиятда педагогик фаолиятнинг обрўсини юксалтириш, педагогларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш, шунингдек, турли танловлар ва конкурсларда совриндор бўлган, ўқувчи-талабалари республика ва халқаро олимпиадаларда, танловларда юқори натижаларни қўлга киритган педагогларга уй-жой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиль, маиший-хўжалик жиҳозлари сотиб олишлари учун имтиёзли ипотека ва истеъмол кредитларини ажратиш тартибини жорий этиш юзасидан таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ижарада, қариндоши ёки танишининг уйида яшовчи талабаларни рўйхатга олиш тартибининг қулай ва соддалаштирилган шаклини ишлаб чиқсин ва икки ой муддатда амалиётга жорий қилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази мамлакатимизда ижтимоий соғлом муҳитни шакллантириш, ёшлар тарбиясининг таъсирчан механизмларини жорий этиш, шахснинг маънавий камол топишини психологик қўллаб-қувватланишини таъминлаш, соҳа мутахассисларининг психологик билим ва кўникмаларини шакллантириш, мазкур жараёнларнинг илмий-амалий асосларини яратиш ва методик таъминотини ишлаб чиқиш ҳамда жамиятда психологик билимларни кенг тарғиб этиш мақсадида Тошкент давлат педагогика университети таркибида Психология ўқув-илмий марказини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклиф киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 июль
Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарори қабул қилинган.
Мазкур қарор билан олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш бўйича Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланган.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича қўмитаси (UNESCO) ва консалтинг ташкилоти (DGP Research & Consulting) ҳамкорлигида жалб қилинган нуфузли хорижий экспертлар гуруҳи томонидан 2017 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси таълим тизимини комплекс ўрганиш бўйича ўтказилган таҳлиллар натижаларининг хулосаларига кўра олий таълим жараёнида назария ва амалиёт яхлитлиги таъминланмаганлиги, талабаларнинг малакавий амалиётларини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказиш самарали ташкил этилмагани оқибатида айрим битирувчилар ишга жойлашгандан кейин ўз касбини, мутахассислигини қўшимча ўрганаётганлиги, шунингдек, таълим сифатининг назорати замонавий талабларга жавоб бермаслиги, таълим муассасаларида малакали педагог ва бошқарув кадрларининг етишмаслиги, хорижий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмаганлиги каби камчиликлар қайд этилган.
Мамлакатимизнинг иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларини рақобатбардош кадрлар билан таъминлаш масалаларини тубдан ўзгартириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, республикамиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни ўз вақтида зарур ихтисосликлар бўйича иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш, олий таълим мазмунини корхоналарнинг ишлаб чиқариш муносабатларига ва истиқболли ривожланиш дастурларига мувофиқ шакллантириш, битирувчиларни мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш мақсадида “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларини олий таълим тизимидаги кадрлар тайёрлаш жараёнига кенг жалб этиш, уларнинг таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Бош вазирнинг ўринбосарлари – комплекс раҳбарлари, мутасадди раҳбарлар тармоқ(соҳа)лар бўйича тегишлигига кўра олий таълим муассасаларига бириктирилган.
Қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари раҳбарлари, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари зиммасига кадрлар буюртмачилари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш мазмуни, битирувчиларнинг билим ва кўникмасига қўйиладиган талабларни белгиловчи олий таълим йўналишлари малакавий талаблари, ўқув режалари ва дастурларини соҳа эҳтиёжидан келиб чиқиб, янгидан ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, ишлаб чиқариш стажировкаларини жорий этиш, энг илғор хориж тажрибасига таянган ҳолда ўқув адабиётлари, ўқув-методик комплексларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, истиқболли ёш педагоглар ва докторантларни етакчи хорижий таълим муассасаларига стажировкага юбориш, улар учун махсус стипендиялар ажратиш каби вазифалар юклатилган.
Қарор комплекслар таркибидаги вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли тармоқ (соҳа) ҳамда ҳудудларнинг жорий ва истиқболли ривожланиш дастурларини ҳисобга олиб, олий малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни йиллар кесимида аниқ баланс берадиган ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқишни назарда тутади. Шу билан бирга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами бугунги кун битирувчиларидан ушбу ижобий ўзгаришларда фаол иштирок этишни талаб қилмоқда. Бу, ўз навбатида, уларнинг билим ва малакалари даражасига муайян, жиддий талабларни қўймоқда.
Қабул қилинган қарор янги ўқув йилидан бошлаб ҳар бир олий таълим муассасасида барча курсларда камида 2 та гуруҳда мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитишни босқичма-босқич ташкил этишни, ўз навбатида инглиз тилида дарс ўтадиган профессор-ўқитувчиларни мақсадли тайёрлаш жараёнига бошқача ёндашувни талаб қилади. Шу мақсадда профессор-ўқитувчиларнинг хорижда тегишли тайёргарликдан ўтишини ташкил этиш, машғулотларни олиб боришга хорижий мутахассисларни жалб қилиш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилган.
Истиқболли илмий-педагогик кадрларни, биринчи навбатда, муҳандислик-техника ва архитектура таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари педагогларини ривожланган давлатларда ҳомийлик ва халқаро ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатлар малакасини ошириш, стажировка ўташ ва таълим олишини ташкиллаштириш “Истеъдод” жамғармаси орқали малака оширишларини ташкил этиш вазифаси қарорда таъкидлаб ўтилган.
Жорий ўқув йилидан олий таълим муассасалари талабаларининг тегишли таълим йўналишлари бўйича муайян ташкилотлар ва корхоналарда малакавий амалиётлари тизимли равишда ўтказилишини, шунингдек, уларнинг амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқаришда ташкиллаштириш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш белгилаб қўйилган.
Асосий масалалардан бири сифатида ишлаб чиқариш, илм-фан ва таълим ўртасида интеграцияни чуқурлаштиришга йўналтирилган ислоҳотлар таъкидлаб ўтилган. Ушбу ислоҳотлар олий таълим тизимидаги илмий салоҳиятни оширишга йўналтирилган бўлиб, ёш олимлар ва тадқиқотчиларни тизимли тайёрлаш масалалари билан чамбарчас боғлиқ.
Комплекс раҳбари, тегишли вазирлик ва идора раҳбари бириктирилган ҳар бир олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан тармоққа (соҳага) оид янгиликлар, истиқболларни белгилаб олиш, таълим мазмунини такомиллаштириш каби масалалар муҳокамасини камида ойда бир марта ўтказиши таълим тизимини тубдан такомиллаштиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Ижтимоий соҳада ёш олимлар, изланувчилар ва докторантлар учун кенг имкониятлар яратиш ҳам қарорда ўз ифодасини топган бўлиб, унда амалиётга татбиқ этилган иш муаллифларини, ихтиро эгаларини моддий рағбатлантириш назарда тутилган.
Олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорида талабгорлиги ва профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот ишлари натижалари амалиётга жорий этилиши самарадорлигига эътибор қаратилган бўлиб, бунда миллий рейтинг тизимида юқори кўрсаткичларни қайд этган олий таълим муассасаларига ўқув жараёнининг алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда академик эркинлик берилиши назарда тутилган.
Шунингдек, қарорда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда докторантларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишига моддий шарт-шароитлар яратиш мақсадида уларнинг ойлик стипендиясининг 50 фоизигача миқдорда моддий рағбатлантирилиши ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилишини, докторантура битирувчиларининг олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларига ишга жойлашиши, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш учун базавий докторантуранинг 2-курсидан имтиёзли ипотека кредитини 25 йил муддатга ажратиш механизми жорий этилишини назарда тутган Ҳукумат қарорини қабул қилиш вазифаси топширилган.
Қарорда яна бир муаммо – магистратурада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, уларни замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш масаласига жиддий эътибор қаратилган.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида магистратура босқичида таълим муассасаларининг бошқаруви мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш; педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишда абитуриентлар билан кириш тест синовлари билан бир қаторда уларнинг касбий лаёқатини аниқлаш бўйича ижодий суҳбат ўтказиш, педагогика таълим йўналишларига давлат грантлари асосидаги қабул квоталари улушини ошириш орқали мақсадли қабулни ташкил этиш юзасидан Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда таклифларни ишлаб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси белгиланган.
Қарорда замонавий талабларга жавоб бермайдиган, олий таълим муассасаларидан йироқда жойлашган, битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган академик лицейларни тугатиш, уларни фақат юқори илмий-педагогик салоҳиятга эга олий таълим муассасалари таркибида биттадан қолдириш масалалари қайд этилган.
Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Марказий банк, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига биргаликда уч ой муддатда таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, жамиятда педагогик фаолиятнинг обрўсини юксалтириш, педагогларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш, шунингдек, турли танловлар ва конкурсларда совриндор бўлган, ўқувчи-талабалари республика ва халқаро олимпиадаларда, танловларда юқори натижаларни қўлга киритган педагогларга уй-жой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиль, маиший-хўжалик жиҳозлари сотиб олишлари учун имтиёзли ипотека ва истеъмол кредитларини ажратиш тартибини жорий этиш юзасидан таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган.
Бугунги кунда ёшлар тарбияси ўта долзарб масала эканини инобатга олган ҳолда қарорда талаба-ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, таълим ва тарбия уйғунлигини амалда таъминлаш борасидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган. Ёшларга қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ижарада турувчи талабаларни рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилган шаклини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази бир ой муддат ичида мамлакатимизда ижтимоий соғлом муҳитни шакллантириш, ёшлар тарбиясининг таъсирчан механизмларини жорий этиш, шахснинг маънавий камол топишини психологик қўллаб-қувватлашни таъминлаш, соҳа мутахассисларининг психологик билим ва кўникмаларини шакллантириш, уларнинг илмий-амалий асосларини яратиш мақсадида Тошкент давлат педагогика университети таркибида Психология ўқув-илмий марказини ташкил этиш бўйича ўз таклифларини Вазирлар Маҳкамасига киритишлари белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори республика олий таълим тизимини янада ривожлантириш, иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш, илмий-педагогик салоҳиятни ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни таъминлаш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш учун йўналтирилган яна бир муҳим амалий саъй-ҳаракатлардандир.