Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича қуйидагиларни ўз ичига олувчи комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқлансин:

2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилма­сини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар 1-иловага мувофиқ;

2018-2021 йилларда Дастурни амалга ошириш молиявий харажатлари­нинг ҳисоб-китоб ҳажмлари параметрлари 2-иловага мувофиқ;

2018-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш дастури 3-иловага мувофиқ.

2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли идоралар ўзларининг тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда ҳар йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда:

а) тасарруфидаги ҳар бир илмий-тадқиқот муассасасининг келгуси календарь йилида реконструкция қилиниши ёки капитал таъмирланиши лозим бўлган бино ва хоналарини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш бўйича техник вазифаларни;

келгуси календарь йилида жиҳозланиши лозим бўлган тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасаларини жиҳозлаш учун уларнинг илмий ва лаборатория ускуналарига бўлган эҳтиёжини асослаган ҳолда таснифлагичлар ишлаб чиқилишини таъминласин;

б) техник вазифалар ва таснифлагичлар асосида илмий-тадқиқот муас­са­са­ларининг бино ва хоналарини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, шунингдек, уларни замонавий илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун маблағ ажратиш бўйича буюртманомаларни шакллантирсин ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига тақдим этсин.

3. Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси (А.Н.Арипов):

а) илмий-тадқиқот муассасаларининг асосланган буюртманомалари асосида ишлаб чиқилган Фан ва технологиялар агентлигининг таклифлари бўйича молиявий харажатларнинг умумий тасдиқланган параметрлари доирасида ҳар йили:

илмий-тадқиқот муассасаларини таъмирлаш-қайта тиклаш ишларининг манзилли рўйхатларини;

ҳар бир илмий-тадқиқот муассасасининг моддий-техника таъминотини ҳисобга олган ҳолда, илмий лабораторияларни замонавий илмий ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, бутловчи қисмлар, зарур материаллар ва реактивлар билан узлуксиз таъминлаш бўйича манзилли рўйхатларни тасдиқласин;

б) Дастур бажарилишининг тизимли мониторингини олиб борсин ва ҳар ярим йил ҳамда йил якунлари бўйича унинг бажарилиши натижаларини Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқиш учун киритсин.

4. Дастурни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси илмий-тадқиқот муассасаларининг бинолари ва корпусларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда идоравий мансублиги бўйича тегишли ташкилотларнинг ўз маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги илмий-тадқиқот муассасаларининг бинолари ва корпусларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда тегишли ташкилотларнинг ўз маблағлари;

илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий лабораторияларини замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш, ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштириш учун – Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор-мамлакатларнинг кредит ва грантлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муас­са­саларини офис ва лаборатория мебели билан жиҳозлаш учун – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари объектларини сотишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор-мамлакатларнинг кредит ва грантлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг илмий-тадқиқот муассасаларини офис ва лаборатория мебели билан жиҳозлаш учун – тегишли илмий-тадқиқот муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқа муассасаларининг ўз маблағлари, халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор-мамлакатлар грантлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари объектларини сотишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича уларни офис ҳамда лаборатория мебели билан жиҳозлаш учун тегишли илмий-тадқиқот муассасаларида қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етказилгандан сўнг ажратилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 2018 йил ва келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг асосланган таклифлари бўйича, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Дастурда кўзда тутилган объектларни реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш учун капитал маблағлар лимитларини назарда тутсин.

6. Дастурда кўзда тутилган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш доирасида:

“Inkom kapital qurilish” инжиниринг компанияси – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси объектлари бўйича буюртмачи;

“Сувқурилишинвест” ДУК – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси объектлари бўйича буюртмачи;

Тошкент шаҳар хокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси – Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси объектлари бўйича буюртмачи;

“Ўрмонлойиҳа” ДУК – Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси объектлари бўйича буюртмачи;

танлов савдолари натижалари бўйича ташкилотлар – бош лойиҳачи ва пудратчи этиб белгилансин.

7. Буюртмачилар лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартиб ва муддатларда ишлаб чиқилишини, ваколатли давлат экспертиза органларида кўриб чиқилиши ва келишиб олинишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Дастурни амалга ошириш доирасида бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

8. Дастурни амалга оширишда шахсий жавобгарлик:

тегишли илмий-тадқиқот муассасаларининг бино ва хоналарини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда уларни замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, бутловчи қисмлар, зарур материаллар ва реактивлар билан таъминлаш бўйича барча ишларнинг сифатли ва ўз муддатида бажарилиши юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси О.Ж.Раматов зиммасига;

назарда тутилган барча тадбирларнинг, шу жумладан, илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли бино ва хоналарини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларни замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, бутловчи қисмлар, зарур материаллар ва реактивлар билан таъминлаш ишларининг ўз муддатида ва тўлиқ ҳажмда молиялаштирилиши юзасидан – Ўзбекистон Республикаси молия вазири Б.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

9. Фан ва технологиялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, тасарруфида илмий-тадқиқот муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссиясига Республика иқтисодиёти тармоқларининг аниқ муаммоларини ҳал қилиш, рақобатбардош, илмий ҳажмдор маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган, қуйидагиларни назарда тутувчи 2018-2022 йилларда Давлат комплекс мақсадли илмий-тадқиқот дастурлари концепциясини киритсин:

фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ва инновация ишланма­ларини – Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига давлат илмий-техника дастурларини молиялаштириш учун бюджетдан ҳар йили ажратиладиган маблағлар, манфаатдор хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари, халқаро молия институтлари, ташкилотлар ва донор-мамлакатлар грантлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг илмий тадқиқотларни молиялаштириш, тажриба-тадқиқот ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек, илмий-техник ишланмалар натижаларини амалиётга жорий этишдан манфаатдорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари.

10. Белгилаб қўйилсинки:

давлат илмий-тадқиқот муассасалари ходимларига (илмий ходимлар­дан ташқари) бюджет ташкилотлари ходимлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш шартлари жорий этилади;

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб вазирлик ва идораларнинг гуманитар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга давлат илмий-тадқиқот муассасалари бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, уларнинг айрим тоифадаги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш асосида амалга оширилади;

базавий молиялаштириш субъектлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг Молия вазирлиги билан келишилган таклифларига биноан Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

11. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Вазирлик ва идоралар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 1 ноябрь

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
«Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада 
мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш
чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига
Ш А Р Ҳ

Мамлакатимиз раҳбарининг академиклар ва илм-фан зиёлилари билан 2016 йилнинг декабрида ўтказган учрашуви, шунингдек, 2017 йил 17 февралда «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2789-сонли қарорининг қабул қилиниши республикада илмий-техник фаолиятни ривожлантиришда кенг кўламдаги тизимли ўзгаришларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўтган давр мобайнида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган 35 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 8 та қарори қабул қилинди. Фанлар академияси таркибидаги 9 та илмий-тадқиқот институти қайта тикланди, қатор илмий муассасалар қайта тузилди, Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши, Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси фаолияти ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академия­си­нинг янги ҳақиқий аъзолари (академиклари)нинг сайлови бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган салмоқли ишлар амалга оширилди. Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий лаборатория ва кафедралари, илмий кенгашлари, вазирлик ва идо­ра­лар, турли даражадаги эксперт ва илмий-техника кенгашларидан иборат кўп тармоқли илмий-ташкилий инфратузилма фаолият олиб бормоқда.

Бу ишларнинг барчаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалдаги ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари сифатида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқлари­ни амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-эксперимен­тал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш белгиланган.

Шу билан бир қаторда, сир эмаски, илмий-тадқиқот муассаса­ларининг илмий-техник салоҳияти, кадрлар билан таъминланганлиги, моддий-техника, лаборатория ва тажриба базасининг ҳозирги ҳолати мамлакатимизнинг юқори суръатлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожла­ниш даражасига жавоб бермайди. Ватанимиз илм-фани рақобатбардош­лигини ошириш ва уни дунёнинг энг ривожланган давлатлари илм-фани даражасига мослигини таъминлаш масалалари кескинлигини сақлаб қолмоқда. Илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялашти­риш ти­зи­мида ҳал қилиниши лозим бўлган айрим муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

Ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника ва лаборатория-тажриба базасини мустаҳкамлаш, инновацион фаолиятни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғри­сида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан фан ва инновация соҳасида 6 та устувор йўналиш бўйича 40 дан зиёд тадбирларни ўз ичига олган 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилма­сини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Иқтидорли ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш учун зарур шароитларни таъминлаш мақсадида, докторантурада ўқиш учун мақсадли квоталарни ажратиш амалиётини жорий қилиш чоралари назарда тутилган, ҳамда илмий кадрларнинг академик мобиллигини ошириш ва уларнинг илмий ютуқларини қўллаб-қувватлаш механизм­ларини кучайтириш белгиланган.

Шунингдек, илмий фаолият ҳамда таълим жараёни интеграция­лашувини янада чуқурлаштириш бўйича мақсадли чораларни амалга ошириш, бунда илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходим ва мутахассисларини олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига кенг жалб қилиш, магистрлик диссертацияларининг дастлабки ҳимоясини амалиёт ўталган муассасаларда ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.

Амалий чораларнинг яна бир муҳим йўналиши, республика илмий муассасаларида олиб борилаётган тадқиқотлар савиясини юксалти­ришга, уларни халқаро талабларга кўра илмий халқаро базалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Илмий-тадқиқот муассасаларида мавжуд ҳамда янги тузилаётган илмий лабораториялар илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан илмий ва лаборатория ускуналаридан биргаликда фойдаланиш механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Лицензион келишувлар бўйича илмий ва инновацион ишланмаларнинг тижоратлашув жараёнларини фаоллаштириш мақсадида, илмий ва инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг патент-лицензион фаолиятини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларига муаллифлик қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш чоралари белгиланган.

Қарорга мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб гуманитар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга илмий-тадқиқот муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, уларнинг айрим тоифадаги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш асосида амалга оширилади.

Мазкур қарор билан режалаштирилган тадбирлар доирасида 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаларида таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари, 40 та илмий-тадқиқот муассасасини замонавий илмий лаборато­рия­лар, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилган. Бунда, лабораторияларни сарфланувчи материаллар ва реактивлар билан узлуксиз таъминлашга сарфланадиган харажатлар алоҳида назарда тутилган.

Умумий қийматда, 2018-2021 йилларда Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий-тадқиқот муассасалари бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 116 миллиард сўмдан зиёд, замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш учун 32,2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Юқорида қайд этиб ўтилган чора-тадбирлар мамлакатимиз илм-фани ва иқтисодиётини инновацион ривожлантириш йўлидаги тизимли қадамларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лан­ти­риш­нинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақиятли ижросига хизмат қилади.

Мазкур дастурий ҳужжатнинг амалга оширилиши илмий-тадқиқот муассасалари имкониятларини салмоқли даражада кенгайтириш, улар бажараётган тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар даражаси ва сифатини ошириш имконини беради, ва пировард натижада, мамлакатимиз илмий-технологик салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.