Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш мақсадида:
1. Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг 2023 йил учун қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари қўллаб-қувватлансин:
умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини, шу жумладан, 2 100 МВт – йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 1 200 МВт – ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари, 550 МВт – тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган кичик фотоэлектр станцияларини ишга тушириш;
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш орқали 2023 йилда қўшимча 5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш;
ушбу мақсадларга жами 15,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни йўналтириш, шу жумладан, 13,4 миллиард АҚШ доллари – давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида инвесторлар маблағлари, 1,1 миллиард АҚШ доллари – тижорат банклари кредитлари, 610 миллион АҚШ доллари – корхоналарнинг ўз маблағлари, 150 миллион АҚШ доллари – хорижий молиявий ташкилотлар маблағлари ва 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги Давлат бюджети маблағлари.
2. Давлат-хусусий шериклик асосида 2023 йилда 27 та йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаларининг манзилли рўйхати 1-иловага ҳамда йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини электр узатиш тармоқларига улаш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати 1а-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Мазкур лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов,инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Ш.А. Вафаев зиммасига юклатилсин.
3. Стратегик ислоҳотлар агентлиги (Ш.Вафаев) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Кудратов) билан биргаликда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва электр энергияси тармоқларини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар учун 2023 йил 1 июлга қадар халқаро молиявий ташкилотлардан қўшимча 2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб қилиш бўйича келишувлар имзоланишини таъминласин.
4. Энергетика вазирлигига 2023 йил 1 сентябрга қадар йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар доирасида бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан халқаро ва маҳаллий лойиҳа-қидирув институтлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузган ҳолда қурилиш майдонларида ўрганишлар ўтказишга рухсат берилсин.
5. 2023 йилда 20 мингта ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Мазкур режанинг бажарилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик энергетика вазири Ж.Т.Мирзамаҳмудов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Энергетика вазирлиги ҳамда тижорат банкларининг ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Яшил энергия” компаниясини (кейинги ўринларда – Компания) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки:
Компания ўз ҳисобидан давлат органлари ва ташкилотлари бино-иншоотларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганда, ушбу бино-иншоотларнинг тегишли қисмларидан ижара ҳуқуқи асосида бепул фойдаланади. Бунда, ижара шартномалари белгиланган тартибда солиқ органларида рўйхатдан ўтказилади;
Компанияга маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилардан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ва уларнинг эҳтиёт қисмларини харид қилиш, ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш учун энг яхши таклифларни танлаб олиш натижаларига кўра тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.
7. Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов) уч кун муддатда мазкур қарорга 2-иловадаги режа бажарилишининг ойма-ой графигини тасдиқласин ва унинг ижроси юзасидан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борсин.
Вазирликлар, давлат идоралари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари ўзларининг тузилмаларидаги идора ва ташкилотларнинг биноларида қуёш панеллари ўрнатилишига шахсан жавоб бериши тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.
8. Савдо-саноат палатаси ва тижорат банкларининг 3-иловага мувофиқ 2023 йилда жами 11 минг нафар тадбиркорнинг бино ва иншоотларида қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда кичик фотоэлектр станцияларини барпо этиш режаси қўллаб-қувватлансин.
Мазкур режалар тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик Марказий банк раисининг ўринбосари А.А.Турдалиев ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг инвестициялар масалалари бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
9. Белгилансинки:
2023 йил 1 апрелдан бошлаб умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – ўн йил муддатга озод этилади;
2023 йил 1 мартдан бошлаб ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.
10. Белгилансинки, тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, хорижий инвесторларга:
қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органига ва (ёки) ҳудудий электр тармоқларига ўрнатилган тарифларда, бошқа истеъмолчиларга ўзаро келишилган нархларда тўғридан-тўғри тузилган, шу жумладан, узоқ муддатли шартномалар асосида сотишга;
бошқа шахсларга тегишли объектларда ижара ҳуқуқи асосида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиб, ушбу қурилмаларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишга рухсат берилади.
11. Шундай тартиб ўрнатилсинки:
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектлари томонидан ой давомида ягона электр энергетика тизимига узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмининг ҳисоби “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ биллинг тизимида юритилиб, ой якуни билан тармоққа узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги тафовутга асосан ўзаро ҳисоб-китоб қилинади. Бунда, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини сақлаб бериш хизмати учун ҳақ олинмайди;
қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергияси ушбу манбалар Энергетика вазирлигида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.
12. Марказий банк ва тижорат банкларининг тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини сотиб олиш ва ўрнатиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиялаштириш учун 2023 йил 1 мартдан бошлаб “яшил энергия” банк молия продуктини амалга киритиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
13. Энергетика вазирлиги икки ҳафта муддатда:
фотоэлектр станцияларини, шу жумладан, кичик қувватли қурилмаларни ўрнатиш учун қулай бўлган истиқболли майдонлар рўйхатини эълон қилсин;
Савдо-саноат палатаси билан биргаликда қизиқиш билдирган тадбиркорларга электр энергиясини сотиш бўйича намунавий шартнома ва техник талаблар етказилишини таъминласин.
14. Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Саидов, Ф.Арзиев) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Кудратов) ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда бир ой муддатда Хитой компанияларини жалб қилган ҳолда республика ҳудудларида қуёш панелларини етказиб бериш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳалар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
15. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури (кейинги ўринларда – Дастур) амалга оширилсин.
2023 йилда 37 минг аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Дастур доирасида:
а) жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига Давлат бюджетидан 1 000 сўмдан субсидия ажратилади (кейинги ўринларда – субсидия).
Бунда:
субсидия ҳар ой якуни билан жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган энергия ҳажми ва тизимдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги ижобий тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади;
субсидия тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмайди;
субсидия солиқ органлари томонидан ҳар ойда “Soliq” мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади;
б) жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергияси ҳажми:
ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кўп бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга тўлов қилинмайди;
ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кам бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича тўловлар истеъмол қилинган ва узатилган электр энергияси фарқидан келиб чиқиб ҳисобланади;
в) “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан текинга олинган электр энергияси даромад сифатида ҳисобга олинмайди.
16. Белгилансинки:
Дастур доирасида субсидияларни ажратиш ва ҳисоб-китоб қилиш тизимининг тўлақонли ишлаши Марказий банк (М.Нурмуратов), Солиқ қўмитаси ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (У.Мустафоев) томонидан таъминланади;
Дастурни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси республика бюджети даромадлари бўйича прогнознинг ошириб бажарилган қисми ҳамда 2023 йил I чорак якунлари бўйича Давлат бюджети харажатларини мақбуллаштириш ҳисобидан молиялаштирилади;
Дастурнинг бажарилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари зиммасига юклатилади;
Дастурнинг узлуксиз ва шаффоф ишлашини назорат қилиш Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов зиммасига юклатилади.
17. 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган 765 та кўп қаватли уйларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш режаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ушбу режанинг бажарилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.И.Зокиров ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
18. 2023 йил 1 майдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинсин.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Зокиров):
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда кўп қаватли уйларда қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш компаниялари ташкил қилинишини таъминласин;
Энергетика вазирлиги (Ж.Мирзамаҳмудов) ва Божхона қўмитаси (А.Мавлонов) билан биргаликда бир ой муддатда республика ҳудудларидаги қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш компаниялари мутахассисларида зарур кўникмаларни шакллантирган ва техник маълумотлар етказган ҳолда уларнинг малакасини оширсин.
19. Божхона қўмитаси (А. Мавлонов):
а) Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергия таъминотини ташкил этиш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи ва уларнинг эҳтиёт қисмлари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларини қабул қилиш;
белгиланган стандарт талабларига мос келмайдиган қуёш панеллари республика ҳудудига олиб кирилишининг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўрсин;
б) фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларга қуёш панелларининг сифатли ўрнатилишини доимий назоратга олсин;
в) бир ҳафта муддатда қуёш панелларини импорт қилишни соддалаштириш бўйича чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
г) мазкур қарорнинг 18-бандида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсин;
д) амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳамда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларда қуёш панелларини ўрнатиш ишларини жадаллаштириш юзасидан ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳисобот киритиб борсин.
20. Республика ҳудудларида кичик ва микро гидроэлектрстанциялар барпо этиш бўйича 103 та лойиҳанинг манзилли рўйхати 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Мазкур лойиҳаларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ишга туширишни таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқарув раиси А.А. Сангинов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари зиммасига юклатилсин.
21. 2023 йилда 5 407 та ижтимоий соҳа объектларининг локал иситиш тизимларини кўмир ёқилғисига ўтказиш режаси 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Мазкур режа ижросини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик Бош вазир ўринбосари А.Ж.Раматов, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.И.Закиров ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамаси (А.Раматов) уч кун муддатда мазкур қарорга
7-иловадаги режа кўрсаткичлари бажарилишининг ойма-ой графигини тасдиқласин ва ижроси юзасидан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борсин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев) икки ҳафта муддатда ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
22. 2023 йилда 1 147 та иссиқхоналар ва 250 та қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш режа кўрсаткичлари ва манзилли рўйхатлари мос равишда 8-, 8а-, 8б-, 8в-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, республика ҳудудларидаги:
иссиқхоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича шахсий жавобгарлик қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилади;
мазкур қарорга 8а-, 8б- ва 8в-иловаларга мувофиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича шахсий жавобгарлик қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Ш.С. Хидоятов, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқарув раиси С.С.Аннакличев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилади.
23. Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Ж.Ходжаев):
тижорат банклари билан биргаликда кўмир ёқилғисига ўтказиладиган корхоналарга ускуналарни харид қилиш учун кредит маблағлари ўз вақтида ажратилишини таъминласин;
кўмир ёқилғисига ўтказилган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишда кафолатланган рағбатлантириш чораларини кўриб борсин;
кўмир ёқилғисига ўтказилган корхоналарда импорт кўмир маҳсулотлари ҳамда тегишли ускуналарни олиб келишда юзага келадиган муаммоли масалаларни зудлик билан ҳал қилиб борсин;
маҳаллий иссиқхона хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларнинг асосий экспорт бозорларида рақобатбардошлигини ошириш мақсадида уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширсин.
24. Энергетика вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Ўзбеккўмир” АЖга қарашли “Кўмир таъминот” МЧЖни, тасарруфидаги кўмир омборлари ва ёрдамчи техникалар билан бирга “Ўзбеккўмир” АЖ тасарруфидан чиқариб, Энергетика вазирлиги бўйсунувига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Энергетика вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарорга 8-, 8а-, 8б- ва 8в-иловаларда белгиланган тадбиркорлик субъектлари учун зарур миқдорда импорт кўмир етказиб берилишини таъминласин.
Транспорт вазирлиги (И.Маҳкамов) 2023 йил 1 апрелдан бошлаб импорт кўмирни республика ҳудудида темир йўл транспортида ташишда ташиш масофасидан қатъи назар ўрнатилган тарифларга 50 фоиз чегирма қўлланилишини таъминласин.
25. Белгилансинки, 2023 йил 1 майдан бошлаб:
янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади;
республикадаги барча ёқилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади.
26. Қуйидагилар:
2023 йилда республика ҳудудларида электр тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш бўйича режа кўрсаткичлари 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда ушбу кўрсаткичлар бажарилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев, энергетика вазири Ж.Т.Мирзамаҳмудов ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси У.М.Мустафоев зиммасига юклатилсин;
2023 йилда республикадаги йирик саноат корхоналарида ёқилғи-энергия ресурсларини тежашнинг режа кўрсаткичлари ва амалий чора-тадбирлар режаси 10- ва 10а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин ҳамда ушбу кўрсаткичлар бажарилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик Бош вазир ўринбосари Ж.А.Ходжаев, энергетика вазирининг биринчи ўринбосари А.И. Ахмедхаджаев, тоғ-кон саноати
ва геология вазири Б.Ф.Исламов, инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Н.Қ.Холмуродов ҳамда 10-иловага мувофиқ раҳбарлар зиммасига юклатилсин.
27. Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов) икки ҳафта муддатда11-иловага мувофиқ 2023 йилда давлат-хусусий шериклик асосида кўмир когенерацион технологияларини жорий этиш орқали марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича 15 та лойиҳанинг манзилли рўйхати, уларни молиялаштириш манбалари ва амалга ошириш муддатларининг ойма-ой графикларини тасдиқласин.
28. Энергетика вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар ҳамда зарур низом, тартиб ва қоидалар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
29. Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов):
мазкур қарорга иловаларда белгиланган режа кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида бир ҳафта муддатда барча иловалар бўйича тармоқ жадваллари ва манзилли чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин;
белгиланган режа кўрсаткичлари ижроси юзасидан доимий назорат ўрнатиб, ҳар ой ижроси юзасидан барча ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботларини Вазирлар Маҳкамаси Раёсат мажлисларида танқидий кўриб борсин;
ушбу қарор ижроси доирасида заруриятдан келиб чиқиб, лойиҳалар параметрлари, чора-тадбирлар ва режа кўрсаткичларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда аниқлаштириш ва ўзгартиришлар киритиб борсин.
30. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2023 йил 16 февраль