Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Жумладан, мактабгача таълимнинг замонавий тизими, 11 йиллик умумий ўрта таълим жорий қилинмоқда, замонавий олий таълим муассасалари ҳамда нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича ишларни мутлақо янги тизим асосида ташкил этиш ва амалга ошириш мақсадида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури қабул қилинди.
Ёшлар билан доимий мулоқот қилиш мазкур соҳадаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари фаолиятининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Шу билан бирга, амалга оширилган ишларнинг таҳлили бу борада айрим муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Хусусан:
биринчидан, ёш авлод онгига Ватанга содиқлик ва унинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдиришга, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар етарли даражада самара бермаяпти;
иккинчидан, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, шунингдек, экстремизм, терроризм ва бошқа бузғунчи ғояларга нисбатан муросасизликни шакллантириш юзасидан давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг фаолияти ҳамон талаб даражасида эмас;
учинчидан, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун зарур бўлган маданий-кўнгилочар объектлар, мактабдан ташқари таълим муассасалари, шу жумладан, жойларда турли ижодий ва таълим тўгараклари, спорт секцияларининг етишмаслиги болаларнинг соғлом руҳда тарбияланишига ва тўғри ҳаёт йўлини танлашига салбий таъсир кўрсатмоқда;
тўртинчидан, ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи пасайиб кетганлиги, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялаш ҳамда мустақил дунёқарашини шакллантириш борасида жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда;
бешинчидан, ёшларнинг олий таълим муассасаларига қамраб олиниш даражаси пастлиги, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмаганлиги малакали кадрларнинг етишмаслигига ва олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсадга тўлиқ эришилмаслигига сабаб бўлмоқда;
олтинчидан, соҳада қонун бузилиши ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги, шу жумладан, ёшларни қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишида назоратнинг етарли даражада эмаслиги тизимли муаммоларни юзага чиқармоқда.
Қайд этилган муаммоларни бартараф этиш, ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:
1. Қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутувчи Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидоий ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;
ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш;
педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш;
ёшлар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш;
ўқувчи-ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш.
Белгилансинки, вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг раҳбарлари Дастурнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул ҳисобланади.
2. Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши (А.Н.Арипов):
вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда Дастурнинг амалга оширилиши бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этсин, уларнинг самарали ишлашини таъминласин;
Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таҳлил қилиб борсин;
таълим-тарбия соҳасида қонун бузилиши ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш, жойларда ёшларни қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгиласин.
3. Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари:
а) 2018 йил 1 сентябрдан:
бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга;
юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача;
директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилсин.
б) 2019 йил 1 январдан:
олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга;
биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга;
иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга;
мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга;
директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилсин.
4. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида, улардаги ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирлиги қуйидагича белгилансин:
250 нафаргача – 1 штат бирлигида;
250 нафардан 800 нафаргача – 1,5 штат бирлигида;
800 нафардан 1600 нафаргача – 2 штат бирлигида;
1600 нафардан 3000 нафаргача – 2,5 штат бирлигида;
3000 нафар ва ундан ортиқ – 3 штат бирлигида.
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида олий маълумотли психологлар учун базавий тариф ставкалар 2018 йил 1 сентябрдан ушбу муассаса мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилсин, 2019 йил 1 январдан эса 1,1 бараварга оширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда ўқувчиларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилсин.
5. Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган педагог кадрларни фаолиятининг натижавийлиги асосида рағбатлантиришнинг шаффоф тизимини жорий этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши икки ой муддатда:
ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини;
умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва асосий фаолияти бўйича қўшимча пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини;
таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Қурилиш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Марказий банк, “Ўзшаҳарқурилишинвест” ва “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компаниялари билан биргаликда икки ой муддатда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида дастлабки бадали 10 фоиз бўлган ипотека кредити сифатида бериш, шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида педагог ходимларнинг оила аъзоларига иссиқхона ташкил этиш, қорамол, парранда сотиб олиш ва тадбиркорлик фаолияти учун 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 7 фоиз ставка миқдорида кредитлар бериш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги, Марказий банк, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Халқ таълими вазирлиги ҳузурида халқ таълими тизимидаги ходимлар учун ипотека кредити, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун истеъмол кредитлари беришни молиялаштириш бўйича махсус жамғармани ташкил этиш, унга Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари ажратиш ҳамда халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун махсус жамғарма ҳисобидан қуйидаги шартларда кредитлар бериш тартиби ўрнатилсин:
кредитни бериш муддати – 1 йил имтиёзли давр билан 5 йил муддатга;
дастлабки бадал суммаси – сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи;
кредит учун фоиз ставкаси – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан кўп бўлмаган миқдорда.
“Ўзавтосаноат” АЖ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этиладиган педагог ходимлар рўйхати асосида улар томонидан тижорат банклари кредитлари ҳисобига автотранспорт воситалари сотиб олиш учун автотранспорт воситалари ажратилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда халқ таълими соҳасида баркамол авлодни вояга етказишда фидокорона меҳнат қилаётган, ёшларни ватанпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшаётган халқ таълими тизими ходимларини тақдирлаш учун давлат мукофоти таъсис этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2018-2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”ни ташкил этсин.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ёзувчилар уюшмаси, “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”нинг концепцияси ва намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларни таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки:
олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд, 10-11-синфлардаги барча фанлардан оралиқ, якуний назоратлари, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади;
кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд, 10-11-синфлардаги барча фанлардан йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартибини тасдиқласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, мактабдан ташқари таълим соҳасига давлат-хусусий шерикликнинг жорий этилиши борасида мавжуд аҳволни ва илғор хорижий давлатлар тажрибасини, жумладан, жойига чиққан ҳолда ўрганиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан биргаликда икки ой муддатда жаҳондаги олий таълим муассасалари рейтингида 1000 талик рўйхатга кирадиган хорижий олий таълим муассасаларининг, шу жумладан, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг филиал (факультет)ларини Ўзбекистон Республикасида лицензия олмасдан ва бошқа имтиёзли шартларда ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқсин ҳамда аниқ таклифлар киритсин.
16. Қуйидагилар тақиқлансин:
халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш;
халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш;
халқ таълими муассасалари фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга ва ўрнатилган тартибга риоя этмаган ҳолда текшириш.
Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талаблар бузилган ҳолларда тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказсин ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминласин.
17. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Халқ таълими вазирлиги, унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, шу жумладан, унинг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва штатлар сонини мақбуллаштириш орқали таълим соҳасига бошқарувнинг илғор услубларини жорий этиш юзасидан таклифлар киритсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда умумий ўрта таълимнинг амалдаги таянч ўқув режасини қайта кўриб чиқиб, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб 10 фоизга қисқартириш ҳамда мазкур фанлар бўйича дарс соатлари қисқартирилган мутахассисларни талаб юқори бўлган бошқа ўқув фанларга бепул қайта тайёрлаб ўтказиш юзасидан таклиф киритсин.
21. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарор ва дастурларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни 2018 йил учун ажратсин ҳамда 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутсин.
22. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари А.А.Абдувахитов ва Қ.К.Куранбаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ,
Тошкент шаҳри,
2018 йил 14 август