Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Очиқлик сиёсати, бой маданий меросимиз ва туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш натижасида сўнгги йилларда юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг сони бир неча баробар ўсди. Пандемия ушбу соҳага ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда туризм хизматларини жадал ривожлантириш, айниқса, инфратузилмани яхшилаш, зиёрат туризми ва ички туризм имкониятларини кенгроқ ишга солиш, шунингдек, маданий мерос объектлари муҳофазасини кучайтиришга оид ишлар самарадорлигини тубдан ошириш зарур.

Шунингдек, спорт соҳасида – маҳаллалар ва таълим муассасаларида спортни янада оммалаштириш, уларда спорт билан шуғулланиш учун барча зарур шароитларни яратиш орқали аҳолини, шу жумладан, ёшларни спортнинг барча турларига кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш орқали ўғил-қизларимиз, аёлларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, нуроний онахон ва отахонларимиз умрини узайтириш, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари ҳамда халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун спортчиларимизнинг янада пухта тайёргарлик кўришларига барча шароитларни яратиш лозим.

Ушбу вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, янги ёндашувлар асосида туризм ва спорт соҳаларидаги бошқарув сифатини янада ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар ташкил қилинсин:

а) Туризм ва спорт вазирлиги негизида:

Туризм ва маданий мерос вазирлиги;

Спортни ривожлантириш вазирлиги;

б) Туризм ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари негизида:

Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Туризм ва маданий мерос вазирлиги туризм ва маданий мерос, Спортни ривожлантириш вазирлиги эса спорт соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари ҳисобланади;

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;

туризм, маданий мерос ва спорт масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда тегишинча Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги билан келишилади;

давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлигининг мурожаатига кўра тегишли маълумотларни ўрнатилган тартибда тақдим этади;

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги Туризм ва спорт вазирлигининг тегишли ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

3. Қуйидагилар:

а) Туризм ва маданий мерос вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ташқи ва ички туризмни ҳар томонлама кенгайтириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни туризм бозорларида жорий қилиш, туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ҳамда нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш, мамлакатнинг туризм имижини янада ривожлантириш;

туризм турларини кўпайтириш, энг аввало, ички ва зиёрат туризми, экологик туризм, этнотуризм, ишбилармонлик туризми, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, республика ҳудудларининг туризм салоҳиятидан келиб чиқиб туризмнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, янги туризм маҳсулотларини яратиш;

маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, давлат назоратини амалга ошириш, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳужжатларининг нормалари ва тавсияларини имплементация қилиш, тарихий-маданий ҳудудларнинг тарихий-маданий қиммати, ноёблиги, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш;

туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетингини олиб бориш, мамлакатимизнинг бебаҳо туризм салоҳиятини оммалаштириш ва тарғиб қилиш, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш;

туризм инфратузилмасини шакллантириш, шу жумладан, туризм объектларини жойлаштириш учун салоҳиятли ҳудудларда режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишларини ташкил этиш, уларга инвесторларни жалб қилиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш, туризм объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳани босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш;

б) Спортни ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, оммавий спорт турлари ва соғлом турмуш тарзини юритишга кенг жалб этиш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш, уларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, спорт таълими тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, спорт турлари бўйича юқори натижадор спортчилар захирасини яратиш;

спорт инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, қишлоқ ва чекка ҳудудларда спорт объектларини кўпайтириш, спорт маркетингини ривожлантириш, спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда соҳани босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш, нодавлат спорт объектлари ва муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

мамлакатимизда профессионал спортни, шу жумладан, жамоавий, қишки ва экстремал спорт турларини ривожлантиришни, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спортга қарши тизимли чоралар кўришни таъминлаш;

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун истиқболли спортчиларни саралаш (селекция қилиш)тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорлик қилиш;

паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш, инфратузилмасини яратиш, истиқболли спортчиларни саралаш (селекция қилиш) ва профессионал спортга йўналтириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш.

4. Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири лавозими Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири лавозими этиб қайта номлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5087-сон Фармонининг 3-бандига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.

6. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазирининг функционал вазифаларини тасдиқласин;

қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритсин.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси 

         Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2022 йил 18 февраль