Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Ўтган давр биз учун ғоят муҳим бир ҳақиқатни такрор ва такрор тасдиқлаб бермоқда. Эркин ва фаровон ҳаётимизни, буюк келажагимизни фақат мустақиллик асосида қуришимиз, одамларимиз, эл-юртимизни фақат мустақил сиёсат асосида рози қилишимиз мумкин. Фақат мустақиллик бугунги ва келгуси авлодлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар очиб беради.
Шу маънода, мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин тутади.
Халқимизнинг асрий орзуси бўлган, Ватанимизнинг неча минг йиллик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирган Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма етти йиллигини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!”деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.
Мазкур дастур 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрлансин.
Бунда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, айниқса, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани, хусусан, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм ва спорт тармоқларини ривожлантириш, тинчлик-осойишталик ва хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини илмий-маърифий асосда, ҳаётий мисоллар орқали очиб беришга алоҳида эътибор қаратилсин.
3. Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.
4. Республика комиссияси ўз йиғилишларида белгиланган чора-тадбирлар марказда ва жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб борсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этишга қаратилган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!”республика танловининг якуний босқичини ўтказсин.
Танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинсин ва тақдирлансин.
7. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида – она диёр”, “Ватан учун яшайлик!” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминласин.
8. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.
9. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 28 июнь