Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Оториноларингология соҳасида тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, соҳадаги нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий кадрларни тайёрлаш ва илм-фанни ривожлантириш мақсадида:
1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон оториноларингология ва бош-бўйин жарроҳлиги ассоциациясининг 2023 йил 1 сентябрдан юридик шахс мақомига эга бўлган Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
а) Марказ:
оториноларингология йўналишидаги ишларни мувофиқлаштиради ҳамда “Марказ – ҳудудий тиббиёт муассасалари – туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари” тизими асосида ўз фаолиятини ташкил этади;
оториноларингологик ва бош-бўйин касалликлари соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қўяди, ушбу йўналишларда мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг кўникмаларини ривожлантириш чораларини кўради ҳамда илмий мактабни шакллантиради;
ҳудудларда оториноларингологик ва бош-бўйин касалликларини ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этади ҳамда юқори технологик амалиётлар кўламини кенгайтиради;
соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оториноларингологик ва бош-бўйин касалликлари профилактикаси, уларни эрта аниқлаш ва даволаш дастурларини амалиётга жорий этади;
нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан ҳамкорликда оториноларингологик ва бош-бўйин касалликларини даволашнинг замонавий ва юқори технологик усулларини давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари амалиётига жорий этади;
б) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Марказда оториноларингология ихтисослиги бўйича тиббиёт кадрларини клиник ординатура орқали тайёрлаш ташкил қилинади;
в) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг оториноларингология бўлимлари Марказнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳудудий филиаллари ҳисобланади.
Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари тиббиёт йўналишидаги олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун клиник база сифатида фаолият юритади.
3. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш доирасидаги грантлар;
пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5199-сон қарорига мувофиқ, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволаш учун ихтисослаштирилган муассасаларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартномалар асосида базавий нархларда молиялаштириш тартиби Марказ учун 2024 йил 1 январдан бошлаб татбиқ этилсин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб оториноларингология ва юз-жағ жарроҳлиги йўналишларидаги тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилади.
6. 2023–2026 йилларда оториноларингология хизматини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилишини таъминласин ҳамда Дастур ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда:
а) Корея Эксимбанки Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) ҳисобидан 2023–2024 йилларда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларини, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Тошкент шаҳар шифохоналарининг оториноларингология бўлимлари ва тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларини, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларини 2-иловага мувофиқ зарур тиббий ускуналар билан жиҳозлаш учун 17 миллион АҚШ долларини йўналтирсин;
б) 2024–2025 йилларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги тадбирларни амалга ошириш учун 8,6 миллион АҚШ долларини йўналтириш чораларини кўрсин:
Марказда “Юқори нафас йўллари аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Эшитиш ва мувозанат аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Фониатрия ва ронхопатия” илмий лабораторияларини, симуляцион амалий лабораторияни, 5 та жарроҳлик блокини ва 60 та ўрин-жойларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш;
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида “Эшитиш заифлашувини ташхислаш, даволаш ва реабилитация муаммолари” илмий лабораториясини ташкил этиш;
Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси ва Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш.
8. Белгилансинки, 2024 йилдан бошлаб:
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан аудиоскрининг натижаси бўйича аниқланган заиф эшитадиган болаларни кохлеар имплантация амалиётига тайёргарлик даврида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча йилига камида 2 000 тарақамли эшитиш мосламалари билан таъминлаш йўлга қўйилади;
Андижон давлат тиббиёт институти клиникасининг вақтинча қисқартириладиган ўрин-жойлари ва штат бирликлари ҳисобидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари қабул-диагностика бўлимида туну кун хизмат кўрсатадиган қўшимча оториноларинголог ва юз-жағ жарроҳи штат бирликлари киритилади.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда оториноларингология бўйича амбулатор ва стационар шароитда ёрдам кўрсатувчи давлат тиббиёт муассасалари учун штат нормативларини қайта кўриб чиқиш ҳамда келгусида эҳтиёждан келиб чиқиб уларга ўзгартиришлар киритиб бориш чораларини кўрсин.
10. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан ушбу қарорда белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар 2024 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги
“Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5199-сон қарори 1-бандининг “б” кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) қуйидагилар:
2021 йил 1 ноябрдан кўз микрохирургияси ва урология;
2022 йил 1 январдан кардиология, травматология ва ортопедия ҳамда акушерлик ва гинекология;
2022 йил 1 июлдан хирургия ва нейрохирургия;
2024 йил 1 январдан оториноларингология ва юз-жағ касалликлари йўналишларидаги тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилсин”.
12. Марказ Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 103-уй манзилида янгидан барпо қилинаётган кўп тармоқли клиника бино ва иншоотларининг бир қисмига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
13. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2023 йилда Давлат бюджетидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан Марказда реконструкция ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш чораларини кўрсин.
14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.Ш.Иноятов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Туйчиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2023 1 август