Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва давлат гранти ажратиш механизмларини такомиллаштириш, ёшларнинг сифатли таълим олишлари учун мавжуд шарт-шароитларни яхшилаш, кадрлар тайёрлашни иқтисодиётнинг ривожланаётган тармоқ ва соҳаларига манзилли йўналтириш мақсадида:

1. Олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва жойлаштириш бўйича шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

а) 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб:

давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилади, бундан олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари мустасно;

давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади;

давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи олий таълим ташкилотларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилади. Бунда тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича бир талаба учун ажратиладиган маблағ молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан ошмаган ҳажмда молиялаштирилади;

давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилади;

олий таълим ташкилотлари моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ва ўқув-методик таъминотига мувофиқ, кейинги ўқув йили учун ўз қабул параметрларини шакллантиради ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги олий таълим ташкилотлари қабул параметрлари асослилигини ўрганади ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига (кейинги ўринларда – Давлат комиссияси) киритади;

Давлат комиссияси олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва тиллар кесимида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий қабул параметрларини, имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини, мақсадли қабул квоталарини ҳамда магистратура мутахассисликлари қабул параметрларини давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимида тасдиқлаб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этади;

б) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улуши таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари) кесимида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади;

в) 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан шакллантириладиган олий маълумотли кадрларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ равишда 4 йиллик давр учун тасдиқланади.

2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офисининг 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотлари талабаларига давлат грантини ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки:

а) ижтимоий-рағбатлантирувчи грант қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади;

б) таълим гранти давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим ташкилотига қабул қилинган талабалар учун ажратилади;

в) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади. Бунда:

таълим гранти биринчи курсда олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади;

таълим гранти иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади;

таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади;

ижтимоий-рағбатлантирувчи грант соҳиби бўлган талабаларга давлат гранти уларнинг ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади;

таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тамомлаганларидан сўнг камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш бали тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланади;

б) ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун давлат буюртмаси параметрлари доирасида мақсадли қабул квоталари ажратилади. Бунда:

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари мақсадли қабул буюртмачилари ҳисобланади ҳамда кадрларга бўлган ўз эҳтиёжларини Давлат комиссиясига тақдим этади;

ҳудудлар кесимида мақсадли қабул тегишли ҳудудда доимий яшайдиган (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган) ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган абитуриентлар орасида танлов асосида амалга оширилади;

мақсадли қабул квотаси доирасида талабаликка тавсия этилган фуқаро билан манфаатдор туман (шаҳар) ҳокимияти, соҳавий давлат органи (ташкилоти) ва олий таълим ташкилоти ўртасида тўрт томонлама шартнома тузилади. Бунда талабани иш билан таъминлаш ва унинг ўқишни якунлагандан сўнг муайян ҳудудда (ташкилотда) ишлаб беришини мониторинг қилиш кадр буюртмачиси зиммасига юкланади;

в) 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим ташкилотларининг бошқа таълим шаклларига умумий қабул параметри кундузги таълим шакли учун белгиланган қабул квотасидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

4. Белгилансинки, магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилади:

хорижий тиллар йўналишлари бўйича – камида С1 даражасида;

гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича – камида В2 даражасида;

бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари (ихтисосликлари) бўйича – камида В1 даражасида.

5. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилиши белгилансин. Бунда:

а) абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади;

б) давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди. Бунда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ягона касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари тегишли вазирликлар (идоралар) томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль–август ойларида ўтказилади;

иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди;

в) 2025/2026 ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади;

г) барча давлат коллеж ва техникумларига “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ қабул қилишда абитуриентлар коллеж ва (ёки) техникумни, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.

6. Белгилаб қўйилсинки:

имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар Давлат комиссиясининг қарорига асосан таълим шаклидан қатъи назар, рўйхатдан ўтишда имтиёз амал қиладиган доирада танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;

алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар (ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари, SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйларининг битирувчилари бўлган етим болалар, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) бундан мустасно) улар учун ажратилган алоҳида қабул параметрлари доирасида, танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этади;

алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда қатнашиб, талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар рўйхатдан ўтишда танланган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий тартибда танловда иштирок этади;

халқаро спорт мусобақалари ғолиблари жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бакалавриат таълим йўналишларига спорт турларининг соҳа бўйича мос келишига қатъий риоя қилинган ҳолда имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;

имтиёз билан давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентга ушбу имтиёздан такроран фойдаланишга рухсат этилмайди;

иккинчи ва ундан кейинги олий таълим тўлов-контракт асосида амалга оширилади, шунингдек, олий таълимнинг тегишли босқичига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талабага иккинчи марта таълимнинг ушбу босқичи учун давлат гранти ажратилмайди;

олий таълим муассасалари, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари ҳамда ҳарбий-академик лицейларга ўқишга киришда имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг ягона базаси ҳар йили 1 июнга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус ахборот тизимига киритиш орқали шакллантириб борилади.

7. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳар йили 1 июнга қадар ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан кўзи ожизларнинг маълумотлар базасини ногиронлик гуруҳини аниқ кўрсатган ҳолда шакллантирсин ҳамда уни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминласин.

8. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Савдо-саноат палатаси ва иш берувчилар уюшмалари билан биргаликда:

2024 йил якунига қадар меҳнат бозорида кутилаётган ўзгаришларни илмий тадқиқ қилган ҳолда, ўз аҳамиятини йўқотиб борадиган ҳамда янги пайдо бўладиган касблар (лавозимлар) рўйхати, уларга қўйиладиган малака талаблари ва компетенцияларни шакллантирсин;

2025 йил 1 майга қадар жамланган маълумотлар асосида “Ўзбекистон янги касблар атласи” электрон платформаси яратилишини ҳамда ҳар йили янгилаб борилишини таъминласин.

Ушбу бандни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштирилсин.

9. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси билан биргаликда уч ой муддатда:

таълим грантини олий таълим ташкилотлари талабаларига табақалаштирилган тартибда бир ўқув йили учун ажратиш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;

ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун мақсадли қабул квоталарини шакллантириш, қабул жараёнларини ташкил этиш ва кадрлар буюртмачиларининг аниқ вазифаларини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;

қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев