Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 12 декабрдаги ПФ–5594-сон Фармонига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси) таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий сони 71штат бирлигидан иборат Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий сони 5штат бирлигидан иборат Ангрен кон-техника инспекцияси;

“Олмалиқ КМК” АЖ маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Олмалиқ кон-техника инспекцияси;

Қизилқум минтақавий инспекцияси негизида “Навоий КМК” ДК маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Қизилқум кон-техника инспекцияси ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Радиация ва ядро хавфсизлиги департаментининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўлиш ва атом энергиясидан фойдаланиш борасидаги фаолиятни амалга оширишда радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида самарали давлат назорати ва текширувини ташкил этиш ва таъминлаш;

назорати остидаги объектларда радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш бўйича профилактика чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ядровий ва радиоактив материаллар билан ишлашда, атом энергиясидан фойдаланишда, ядровий материаллар, радиоактив моддалар, улар мавжуд бўлган радиоактив манбалар ва радиоактив чиқиндиларни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, фойдаланиш, кўмиш ҳамда жисмоний ҳимоялаш ва ҳисобини юритишда радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 122 штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси марказий аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки, қўшимча киритилаётган:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг 20 нафар бошқарув ходими штат бирлигини сақлаш давлат санитария-эпидемиология назорати марказларида штатлар сонини зарур миқдорда қисқартирган ҳолда уларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг 65 нафар бошқарув ходими штат бирлигини сақлаш 5-иловага мувофиқ график бўйича 2019-2028 йиллар мобайнида босқичма-босқич ажратиш орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисига:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва Ангрен кон-техника инспекцияси тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш мақсадида экспертиза бўйича ишларни амалга ошириш учун хорижий ихтисослаштирилган институтлар ва компаниялар, шунингдек, хорижий мутахассис ва экспертларни жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.

6. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Тошкент шаҳри, М-14, 27-уй манзили бўйича жойлашган маъмурий бино А блокининг учинчи, тўртинчи, бешинчи қаватларида оператив бошқаруви ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой  муддатда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

8. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси икки ой муддатда:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва кон-техника инспекцияларини Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир бўлган, зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий ва бўйсунувидаги бўлинмалари тўғрисидаги низомлар (уставлар), шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари тасдиқланишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2018 йилда ушбу қарорни амалга ошириш доирасида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағлар ажратсин ва 2019 йилдан бошлаб ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин;

ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йил учун тасдиқланган смета харажатларига тегишли ўзгартиришлар киритсин;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига 8 дона автотранспорт воситасини, шу жумладан, 4 дона махсус транспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратсин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

қурилаётган ва фойдаланилаётган атом энергетикаси объектлари ҳолатининг доимий куну тунги назоратини таъминлайдиган Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти ходимларининг жойлашуви бевосита шу объектларда амалга оширилади;

ядровий объектлардан фойдаланувчи ташкилотлар ва атом энергетикаси объектларини қурувчи дирекциялар томонидан Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти ходимларига яшаши ва юклатилган функцияларни бажариши учун зарур шароитлар беғараз асосда таъминланади.

11. Белгилансинки, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг мансабдор шахслари юклатилган функцияларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг назорати остидаги объектларга тўсқинликсиз кириш;

хавфли ишлаб чиқариш объектлари саноат хавфсизлиги, радиация ва ядро хавфсизлиги, шунингдек, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги талабларига риоя этилиши ҳолати устидан назорат қилиш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги талабларига риоя этмаган ҳолда олиб борилаётган ёки авария содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек, одамлар ҳаёти хавф остида қолганда ёки авария ҳолатлари юзага келганда уларни иш жойларидан олиб чиқиш;

ўз ваколатлари доирасида қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бузганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва жисмоний шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш.

12. 2019 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларига Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳудудларида жойлашган назорати остидаги ташкилотлар ходимлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган миқдорларда иш ҳақига туман (ҳудудий) коэффициентлари сақланиб қолинади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларига Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан узлуксиз иш стажи (кўп йиллик хизмати) учун лавозим маошининг: 3 йилдан 5 йилгача – 20 фоизи, 5 йилдан 10 йилгача – 35 фоизи, 10 йилдан 15 йилгача –50 фоизи, 15 йил ва ундан ортиқ – 60 фоизи миқдорида устамалар тўланади.

13. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси саноат, радиация  ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро ихтисослаштирилган институтлар ва ташкилотларни жалб этган ҳолда халқаро талабларга мувофиқ мутахассисларни мазкур соҳаларда тизимли ўқитиш ва тайёрлашни ташкил қилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги  Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг буюртманомаларига кўра атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш мақсадида экспертиза бўйича ишларда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг буюртманомаларига кўра атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш мақсадида экспертиза бўйича ишларда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга давлат божи ундирмаган ҳолда белгиланган тартибда кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, вақтинчалик прописка қилиниши, яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши ва муддати узайтирилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг буюртманомаларига кўра атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш мақсадида экспертиза бўйича ишларда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, мазкур чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.

17. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 12 декабрь